“Нурафшон”да замонавий маҳалла идораси барпо этилди
Наманган шаҳрида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фуқаролар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида шаҳарнинг “Нурафшон” маҳалласи аҳолиси учун янги маҳалла идораси бунёд этилди.
Қиймати 250 миллион сўм бўлган мазкур иншоот маҳалла фуқароларига мурожаатларини ҳал этиш, зарур хизматлардан фойдаланиш ва жамоатчилик билан ишлаш жараёнларини янада қулай ташкил этиш имконини беради.
Айни кунларда янги бинода якуний пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари билан бир қаторда, унинг атрофини ободонлаштириш чоралари ҳам олиб борилмоқда. Мақсад — иншоотни нафақат замонавий, балки маҳалла аҳолиси учун қулай ва муносиб хизмат кўрсатиш масканига айлантириш.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов ҳудудга ташрифи чоғида янги маҳалла идорасидаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг боришини кўздан кечирди.
Ўрганиш давомида бинода амалга оширилаётган ишлар сифати, унинг атроф ҳудудини тартибга келтириш ҳолатига эътибор қаратилди. Масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилиб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, қолган ишларни сифатли якунлаш ҳамда маҳалла идорасини аҳоли учун муносиб хизмат кўрсатиш маскани сифатида ишга тушириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Янги бино маҳалла ҳаётидаги янги қадам. Чунки аҳолига яқин ва қулай хизмат кўрсатиш, аввало, маҳалланинг ўзида замонавий шароит яратишдан бошланади.
