Наманганда нуронийлар кўплаб ибратли ишларнинг бошида туришибди. Бир ҳафта аввал – “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг раиси, Сенатор Икромхон Нажмиддинов мени йўқлаб қолдилар: “Нуронийлар ўртасида шахмат мусобақасини ўтказамиз. Мамажон Муҳитдинов ҳақида бирор маълумот ёзиб берсангизчи!”.
Мен талабалигимда Мамажон аканинг Тошкентдаги уйида кўп меҳмон бўлганман. Китобларини Намангандаги мухлисларга тарқатганман. Бажони дил рози бўлдим. Очерк шу ҳақда.
КИРИШ
Наманган замини азалдан илм-фан, адабиёт ва санъат билан бир қаторда спорт соҳасида ҳам кўплаб истеъдод соҳибларини етиштирган. Ана шундай фидойи инсонлардан бири — Ўзбекистон шахмат мактабининг асосчиларидан, таниқли шахматчи, мураббий, олим ва публицист Мамажон Муҳитдиновдир. У бутун умрини шахматни ривожлантириш, ёш авлодни тарбиялаш ва миллий шахмат тарихини ўрганишга бағишлади.
ТУҒИЛИШИ, БОЛАЛИГИ ВА ИЛК ҚАДАМЛАРИ
Ҳозирги Наманган давлат педагогика институтининг кутубхонаси, педагогика, аниқ ва табиий фанлар факультетлари ўрнида (31-умумтаълим мактаби қаршисида) большевиклар истилосидан кейин умумий ҳовлили уйлар қурилганди. Ўша ҳовлиларнинг бирида ҳунарманд Муҳитдин ва уй бекаси Собирахон опа Боқиевлар хонадонида 1927 йил 5 май куни ўғил фарзанд туғилди. Унга Муҳаммаджон (Мамажон) деб исм қўйишди. Хонадон файзга тўлди. Мамажондан кейин Аҳмаджон, Умархон, Шаҳодатхон, Муборакхонлар дунёга келишди. Ота-она бағрида беш ака-ука, опа-сингиллар униб-ўсишди. Уларнинг беғубор ва беташвиш даврлари шу ҳовлида ўтди. Кейинчалик оила “Сумалак гузари” – ҳозирги “Маданий” маҳалласи ҳудудидан ер олиб, ҳовли солишди. Ҳозир мазкур Мажнунов кўчасининг 26-хонадонида укалари Аҳмаджоннинг ўғли Маъруфжон Муҳитдинов фарзандлари ҳамда набиралари билан истиқомат қилади.
Мамажон Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида ўқиди. Унинг болалиги халқимизнинг оғир синовларга тўла даврига тўғри келди. Ёшлигидан китоб мутолаасига, мантиқий фикрлашга ва ақлий ўйинларга қизиққан Мамажон шахмат билан ҳам эрта танишди. Намангандаги биринчи шахмат тўгараклари ва маҳаллий мусобақалар унинг иқтидорини юзага чиқарди.
Ўша йилларда шахмат учун шароит бугунгидек эмасди. Дона ва тахта топиш ҳам осон бўлмаган. Шундай бўлса-да, у тинимсиз меҳнат ва мустақил машғулотлар орқали маҳоратини оширди.
МУҲАНДИСЛИКДАН КАТТА ШАХМАТГА
1949 йилда Тошкент темирйўл транспорти муҳандислари институтини муваффақиятли тугатгач, 1960 йилгача темирйўл бошқармасида муҳандис бўлиб ишлади. Бироқ корхонадаги фаолияти унинг шахматга бўлган меҳрини сўндирмади. Кундузи ишлаб, кечқурун машғулотлар ўтказар, турли мусобақаларда қатнашар эди. Меҳнатсеварлиги ва матонати самара берди. У қисқа вақт ичида республикадаги энг кучли шахматчилар сафидан жой олди.
РЕСПУБЛИКА ЧЕМПИОНИ
1952 йилда Мамажон Муҳитдинов илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлди. Кейинчалик 1954, 1957 ва 1965 йилларда яна уч марта республика чемпионлигини қўлга киритиб, жами тўрт карра Ўзбекистон чемпиони сифатида мамлакат шахмати тарихидан муносиб ўрин эгаллади.
1956 йилда эса Марказий Осиёда шахмат бўйича биринчи спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Бу нафақат унинг шахсий муваффақияти, балки бутун Ўзбекистон шахмат мактаби учун муҳим тарихий воқеа бўлди.
УСТОЗ ВА ТАШКИЛОТЧИ
1960 йилдан бошлаб Мамажон Муҳитдинов асосий эътиборини ёш авлод тарбиясига қаратди. Республика Ўқувчилар саройида шахмат бўйича катта мураббий сифатида фаолият юритди. Кейинчалик Ўзбекистон шахмат терма жамоаси билан ишлади. Шогирдларининг айримлари республика ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этдилар.
У юзлаб ёш шахматчиларга устозлик қилди. Кўплаб иқтидорли спортчилар айнан унинг маслаҳатлари ва машғулотлари туфайли катта спортга кириб келдилар. Шу билан бирга у республика шахмат ҳаётининг ташкилотчиси сифатида мусобақалар, чемпионатлар ва оммавий шахмат тадбирларини ўтказишда фаол қатнашди.
ОЛИМ ВА ШАХМАТ ТАРИХЧИСИ
Мамажон ака 1971–1981 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида илмий ходим сифатида фаолият юритди. Унинг илмий тадқиқотлари асосан Ўзбекистон ва Шарқ мамлакатларида шахмат маданияти тарихи, қадимий қўлёзмаларда шахмат ҳақидаги маълумотлар, Амир Темур давридаги шахмат анъаналарига бағишланган эди.
Бу соҳада у мамлакатимиздаги биринчи йирик тадқиқотчилардан бири сифатида эътироф этилади. Ўзбекистонда шахмат маданияти тарихи бўйича муҳим тадқиқотлар олиб борди. У миллий шахмат анъаналари, Шарқ алломаларининг шахматга оид қарашлари ва Амир Темур давридаги шахмат маданиятини илмий асосда ўрганган олимлардан бири ҳисобланади.
ЁЗУВЧИ ВА ПУБЛИЦИСТ
Мамажон Муҳитдиновнинг китоблари нафақат шахматчилар, балки кенг китобхонлар учун ҳам қизиқарлидир. Унинг қаламига мансуб «Шарқ — шахмат ватани», «Ўзбекистонда шахматчилик», «Ақл мўъжизаси», «Катакларга яширинган олам», «От суриб, фил ўйнатиб», «Аъзамовлар сулоласи», «Соҳибқирон дона сурганда» каби китоблар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу асарларда шахмат тарихи, назарияси, машҳур шахматчилар ҳаёти ҳамда миллий шахмат анъаналари ҳақида қизиқарли маълумотлар жамланган.
Мамажон Муҳитдинов журналист сифатида ҳам самарали ижод қилди. Газета ва журналларда мунтазам мақолалар эълон қилиб, шахматни кенг омма орасида тарғиб этди. Унинг мақолалари содда услубда ёзилгани учун ёшлар ҳам, катталар ҳам баравар қизиқиб ўқишарди.
МУКОФОТЛАРИ
Мамажон Муҳитдиновнинг хизматлари давлат томонидан қадрланиб муносиб баҳоланган. 1965 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий» унвонига, 1986 йилда (айрим манбаларда 1987 йилдан) “Халқаро тоифадаги шахмат ҳаками” мақомига сазовор бўлди. 1997 йилда эса ватан олдидаги хизматлари учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
КИТОБЛАРИ
1960 – 1990 йилларда Мамажон Муҳитдинов ижоди ва фаолиятининг гуллаган даври бўлди. “Ўрта ва олий мактаб” давлат нашриёти томонидан унинг “Шахмат” дарслик китоби (1962) нашр этилди. Дарслик мактабларнинг янги ўрганувчи ўқувчилари ва кам малакали шахматчилар учун мўлжалланганди. Китобда шахмат тарихи, назарияси ва ўйин қоидалари ёритилган ҳамда машҳур шахматчиларнинг ўйнаган партияларидан намуналар ва шахмат тарихига оид баъзи бир сатира ва юмор тарзидаги ҳикоялар келтирилади.
***
“От суриб, фил ўйнатиб” китоби 1962 йилда нашр этилди. Китоб Мамажон аканинг шахматга бағишланган 40 йиллик фаолиятининг сарҳисоби эди. Муаллиф бу китобда ўзининг шахмат соҳасидаги ижодий йўли, машҳур шахматчилар билан ўйнаган партияларини баён қилган…
***
“Ўзбекистонда шахмат” китоби 1972 йилда “Ўзбекистон” давлат нашриётида чоп этилди. Бу китоб шу номдаги китобнинг тузатилган ва тўлдирилган иккинчи нашри эди. Ушбу нашрда кейинги ўн (1960 – 1970 йил) мобайнида республикамиз шахмат ҳаётида юз берган асосий воқеалар ҳам ўз аксини топди. Етакчи шахматчиларимиз ижодидан келтирилган намуналар анча кенгайтирилди. Дебют назариясига хос маълумотлар иложи борича янгиланди, тўлдирилди. Мутахассислар, ҳаваскорларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинди. Хулоса қилиб айтганда бу китоб шахмат педагогикасида алоҳида ўрин тутади.
***
“Катакларда яширинган олам” (1976) китобида ақл ва идрок ўйинининг келиб чиқиш ҳамда ривожланиш тарихи, Марказий Осиё мамлакатларида шахмат санъатининг юксалиш даврлари ва йўллари баён қилинган, шунингдек, Ўзбекистонда шахмат спортини янада ривожлантириш учун қимматли тавсиялар берилган.
***
“Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган “Шахмат” монографияси тузатилган ва тўлдирилган учинчи нашр(1983)дир. Бундан кўринадики, Мамажон аканинг китобларига ҳамиша эҳтиёж катта бўлган. Китобда шахмат ўйинини тушунтириш, якка шохни мот қилиш, икки ёқлама зарба, пиёдали эндшпиллар, сипоҳларнинг пиёдага қарши кураши, комбинациялар, зўр шахматчилар тажрибаси тарғиб этилган…
***
Ҳамюртимизнинг “Юлдузча” нашриёти (1988)да нашр этилган “Ўн тўққиз чемпион” китоби шахмат бўйича жаҳон чемпионларининг, шунингдек, шахмат маликаларининг ҳаёт йўли қисқа ва қизиқарли ёритилган.
ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТЛАРИ
…1972 йил охирларида ТАСС мухбири Тошкентдан хабар тарқатди. Унда ўзбекистонлик археолог олимлар Сурхондарё соҳилларида жойлашган Далварзинтепадан Кушонлар даврига оид бир қанча нодир буюмлар, олтин, хазина… ва иккита шахмат доначаси топилганлиги айтилган эди. Жаҳон матбуотида олтинлар тўғрисида эмас, балки бебаҳо маданий топилдиқлиқлар, айниқса, шахмат тарихини яна уч асрга узайтирган ўша доначалар ҳақида кўпроқ гап қайнади…
Замондошларининг хотираларига кўра, Мамажон Муҳитдинов ҳар бир суҳбатдошига шахмат «ишқи»ни юқтира оларди. Эсимда, талабалик йилларимда, биздан бир неча курс юқорида, филология факультетида ўқиган Йўлдош Эшбеков билан ака-ука бўлиб кетгандим. Йўлдош акани Мамажон акага таништирдим. Мамажон ака Далварзинтепа археологик қазишмаларидан топилган шахмат доначалари ҳақида гапирди. Эртаси куни Йўлдош Эшбек ажойиб шеърини ўқиди:
“Ҳайрат этмоқликка имкон йўқ сира,
Хувишка асрининг топилдиғи бу!
Балки, қўлларида шахмат-ла кирган,
Куёв келинчакнинг чимилдиғига…
ХОТИМА
Мамажон Муҳитдинов Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида “Марказ – 5” даҳасида яшади. У “Ўзбекистон халқ шоири” Туроб Тўланинг жонажон қўшниси эди. Ҳамюртимиз 2002 йил 2 август куни Тошкент шаҳрида вафот этди. “Минор” қабристонига қўйилди. У ўзидан бой маънавий ва илмий мерос қолдирди. Бугун ҳам унинг китоблари, мақолалари ва шогирдлари Ўзбекистон шахматининг тараққиётига хизмат қилиб келмоқда.
Наманган замини етиштирган бу забардаст шахснинг ҳаёти — меҳнат, илм, сабр-тоқат ва Ватанга садоқат намунасидир. Келгуси йили 5 майда ҳамюртимиз таваллудига 100 йил тўлади. Ишонамизки, унинг хотирасини абадийлаштириш учун ярашиқли иш қилинади.
Раҳимжон ИРИСОВ, манбашунос-журналист.
