Наманган шаҳри ҳокимлигининг мажлислар залида “Бешинчи устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, мактаб ва мактабгача таълим тизими раҳбарлари, устоз ва мураббийлар иштирок этди.
Форумда 2026–2027 ўқув йили олдидан шаҳар таълим тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва янги ўқув йилидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Айни пайтда Наманган шаҳридаги 55 та мактабда 77 минг 828 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 4 минг 271 нафардан ортиқ педагог таълим-тарбия бермоқда. Олий ва биринчи тоифали педагоглар сони 2017 йилдаги 231 нафардан 1 минг 752 нафарга етди.
Таълим инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қатор мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишларга 49,7 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Форумда таълим сифатини ошириш, тарбия жараёнини такомиллаштириш, ўқувчиларнинг қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, “Япон тажрибаси — Наманган мактаби”, “Устоздан устозга” ва “Бир устоз — бир иқтидор” ташаббусларини амалга ошириш белгиланди.
Янги ўқув йилида педагогларни сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга ўргатиш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Тадбир якунида таълим-тарбия соҳасида фаоллик кўрсатиб, юқори натижаларга эришаётган ўқитувчи ва тарбиячилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Наманган шаҳрида “Бешинчи устозлар миллий форуми” бўлиб ўтди
Postni ulashish:
