Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов шаҳримиздаги фаол ва ташаббускор ёшлар томонидан ишлаб чиқилган истиқболли стартап лойиҳалар билан танишди.
Учрашув давомида «Sentrix», «ManfaatBooks», «FaceWork» ҳамда «Raqamli va shaffof chiqindi boshqaruvi» лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ҳар бир лойиҳа ўзининг инновацион ёндашуви, амалий аҳамияти ва шаҳар инфратузилмасини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан алоҳида эътибор қозонди.
Лойиҳалар муҳокамаси жараёнида уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, иқтисодий самарадорлиги ҳамда аҳоли учун қулайлик яратиш борасидаги имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди. Шаҳар ҳокими томонидан стартапларни янада ривожлантириш, уларни кенг жамоатчиликка оммалаштириш ва амалиётга самарали жорий этиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мазкур учрашув ёшларнинг инновацион ғояларига бўлган эътибор тобора ортиб бораётганини, уларнинг ташаббуслари эса шаҳар тараққиётининг муҳим драйверига айланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
