Муборак Рамазон ойининг файзли кунларида жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида эзгу тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай хайрли анъаналардан бири Наманган шаҳрида ўтказилди.
Наманган шаҳридаги “Навбаҳор” мажмуасида ифторлик дастурхони ташкил этилди. Унда 600 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари иштирок этди.
Хайрия тадбирида сўзга чиққан Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов йиғилганларни муборак Рамазон ойи билан қутлаб, барчага сиҳат-саломатлик, хонадонларга файз-барака тилади.
Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва келгуси кунларнинг янада осойишта бўлиши йўлида дуолар қилинди. Ифторлик дастурхони Рамазон ойига хос самимий муҳит ва эзгу тилаклар билан якунланди.
