Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Уйчи Парранда” МЧЖ бугунги кунда 80 нафар юртдошимизни доимий иш билан таъминлаб, ҳудуд иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ҳар бир ходим ўртача 3,5-4 миллион сўм миқдорида ойлик маош таъминланган. Корхонада товуқ гўшти 100 фоиз қайта ишланиб, замонавий технологиялар асосида тайёр ва ярим тайёр маҳсулот ҳолига келтирилади. Ишлаб чиқариш қуввати ҳам эътиборга молик — соатига 6000 бош товуқни қайта ишлаш имконияти мавжуд.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишар экан, маҳсулот сифати, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Аҳолига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати устувор вазифа экани таъкидланди.
Шунингдек, келгусида экспортни йўлга қўйиш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Бу эса нафақат корхона ривожи, балки ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг янада юксалишига хизмат қилади.
