Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ҳар бир янги иш ўрни ва ишлаб чиқарилган маҳсулот нафақат иқтисодий кўрсаткичларни оширади, балки мамлакатимиз брендини халқаро майдонда танитишга хизмат қилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразоқов “Янги Аср” маҳалласида жойлашган “Асрор техтиле” тикув корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Корхона бугунги кунда 1 000 кишининг бандлигини таъминлаган ва асосан эркаклар учун костюм-шим ишлаб чиқаради.
Маҳсулотлар МДҲ давлатлари ҳамда Европанинг бир қатор мамлакатларига етказиб берилмоқда. Корхона 2025 йил давомида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилди.
Вилоят ҳокими ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тадбиркор билан мулоқотда сифат назорати ва янги иш ўрни яратиш имкониятларини муҳокама қилди.
