Наманган шаҳрида шаҳар иқтисодиётини трансформация қилиш масалаларига бағишланган уч кунлик халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда шаҳарни узоқ муддатли ривожлантириш, замонавий бошқарув тизимини шакллантириш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни давлат бошқаруви ҳамда иқтисодиёт тармоқларига жорий этишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Семинарнинг очилиш маросимида Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) вакиллари, шаҳар ташкилотлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.
Уч кун давом этган мулоқотлар марказида Наманган шаҳрининг истиқболдаги тараққиёт модели, иқтисодий трансформация жараёнларини жадаллаштириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, рақамли бошқарувни кенгайтириш ҳамда шаҳар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш масалалари турди.
Семинар давомида шаҳар ташкилотлари раҳбарлари томонидан тармоқлар кесимида тақдимотлар ўтказилди. Уларда рақамлаштириш жараёнлари, электрон бошқарув тизимлари, сунъий интеллект асосидаги ечимлар, коммунал хизматлар, транспорт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.
Муҳокамалар жараёнида БМТ экспертлари халқаро тажрибалар асосида шаҳар иқтисодиётини бошқаришнинг замонавий механизмлари, рақамли трансформацияни босқичма-босқич амалга ошириш, маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва инновацион технологияларни бошқарув тизимига интеграция қилиш бўйича ўз тавсияларини билдирди.
Семинарнинг асосий мақсади Наманган шаҳрининг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини шакллантириш, иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқталарини аниқлаш, давлат бошқарувида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, халқаро тажрибаларни маҳаллий шароитга мослаштиришдан иборат бўлди.
Якуний муҳокамаларда шаҳарни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор йўналишлар, истиқболли лойиҳалар ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга доир амалий таклифлар кўриб чиқилди. Семинар натижалари Наманган шаҳрининг иқтисодий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва замонавий бошқарув ёндашувларини амалиётга татбиқ этишда муҳим асос бўлиб хизмат қиладиган тавсиялар ни шакллантирди.
