Наманган шаҳрида жамоат транспортини модернизация қилишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борадаги навбатдаги амалий қадам сифатида шаҳар йўналишларига Хитойнинг ANKAI компаниясида ишлаб чиқарилган 12 та замонавий автобус олиб келинди. Лойиҳа “Малакали автотранс сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Корхона ҳамда ANKAI компанияси ўртасида умумий қиймати 1 миллион 875 минг АҚШ доллари бўлган шартнома имзоланган. Унга мувофиқ, харид қилинаётган автобуслар учун дастлабки 9 миллиард сўм миқдоридаги тўлов амалга оширилди ва транспорт воситалари Наманган шаҳрига етказилди. Йил якунига қадар яна 18 та автобус келтирилиши режалаштирилган.
Янги автобуслар 12-сонли “Хонобод – Шербулоқ” йўналишида қатновни таъминлайди. Бу эса мазкур йўналишнинг ташиш қувватини янада ошириб, бир кунда 7 минг 100 нафарга яқин йўловчига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш имконини беради.
Автобусларни фойдаланишга топшириш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди. Ҳайдовчиларга янги транспорт воситалари тантанали равишда топширилди. Илк қатновда вилоят раҳбари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, автобусларнинг қулайликлари билан танишдилар.
Жамоат транспорти паркини босқичма-босқич янгилаш орқали шаҳар аҳолиси учун янада қулай ва хавфсиз транспорт муҳитини шакллантириш, қатновлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда йўловчи ташиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
