Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов Намангандаги «Гранд Текстил Сервис» МЧЖ фаолияти билан танишиб, корхонада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт имкониятларини кўздан кечирдилар. Қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида экспортбоп текстил маҳсулотлари ички бозор билан бирга Россия ва Беларусь давлатларига ҳам етказиб берилмоқда. 2025 йил якунларига кўра, экспорт ҳажми 6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Қўшимча инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиб, 400 та янги иш ўрни яратилди. Шу тариқа корхонада меҳнат қилаётганлар сони 700 нафарга етди.
Тадбиркор билан мулоқотда экспорт географиясини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Масъуллар томонидан бу йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
