Наманган шаҳрининг «Шарқ тонги» маҳалласи ҳудудида «Cang Tuo» МЧЖ томонидан ташкил этилган «Жуда яхши» номли янги савдо марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, хитойлик инвесторлар ҳамда шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Умумий лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур савдо марказида айни пайтда 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар харидорларга таклиф этилмоқда. Янги мажмуа фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида дастлабки босқичда 100 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Келгусида маҳсулотлар турини 30 мингтага етказиш ва иш ўринлари сонини 1000 тагача ошириш режалаштирилган. Лойиҳанинг асосий мақсади — харидорлар учун қулай савдо муҳитини яратиш, аҳолига зарур бўлган турли хил маҳсулотларни бир жойнинг ўзида харид қилиш имкониятини тақдим этишдан иборат.
Шунингдек, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда янги маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш масаласи ҳам режалаштирилмоқда. Бу эса келгусида шаҳар иқтисодиётини янада ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳа Наманган шаҳрида инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижаларидан бири ҳисобланади.
