Наманган шаҳридаги Обиҳаёт маҳалласида Лутфий, Усмон Носир ва Банк кўчалари кесишган ҳудудда замонавий хизмат кўрсатиш кўчаси барпо этилмоқда. Туну кун фаолият юритиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа аҳоли учун қулайлик яратиш, хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган.
Айни пайтда ҳудудда қурилиш ишлари изчил олиб борилмоқда. Тадбиркорлар томонидан янги кўринишдаги кўчма савдо нуқталари ўрнатилиб, зарур инфратузилма босқичма-босқич шакллантирилмоқда. Жараёнда қурилиш сифати, ташкилий тартиб ва ҳудуднинг умумий меъморий уйғунлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур лойиҳа «Зарбдор тажрибаси» асосида амалга оширилаётгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ёндашув қисқа муддатларда самарали натижаларга эришиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.
Лойиҳанинг якунланиши билан 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият бошлаши, қарийб 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса нафақат аҳолининг бандлигини таъминлаш, балки ҳудудда ишбилармонлик муҳитини жонлантиришга ҳам хизмат қилади.
Янги хизмат кўрсатиш кўчаси ишга туширилгач, аҳолига туну кун савдо ва сервис хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада мазкур ҳудуд замонавий хизматлар жамланган муҳим масканга айланиб, Наманган шаҳрининг иқтисодий ҳаётида фаол нуқталардан бири сифатида шаклланиши кутилмоқда.
