Наманган вилоятида 65-халқаро гуллар фестивали доирасида «бир ой давомида жамоавий тарзда энг кўп гул экиш» йўналишида Guinness World Records рекордини ўрнатишга расман старт берилди.
Тантанали маросимда вилоят раҳбарияти, жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббус нафақат ободонлаштириш, балки экологик барқарорликни таъминлаш ва ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Халқаро жараёнлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида Guinness World Records ташкилотининг Дубайдаги ваколатхонаси вакили Канзи Дефрави онлайн мурожаат қилиб, ишлар халқаро стандартлар асосида олиб борилаётганини қайд этди.
Маълум қилинишича, жорий йилда вилоятда 120 турдаги 150 миллиондан ортиқ гул кўчатлари экилиши режалаштирилган. Бу эса 2018 йилдаги 4,5 миллион кўрсаткичга нисбатан қарийб 30 баравар ўсиш демакдир.
65-халқаро гуллар фестивали 24 майдан 12 июлга қадар ўтказилиб, унинг доирасида 150 дан ортиқ маданий тадбирлар ташкил этилади.
