Давлатимиз раҳбарининг мурожаати Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлида босиб ўтилган масофани чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларга аниқ ечимлар белгилаш ҳамда келгуси устувор вазифаларни равшан кўрсатиб бериши билан муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида эътироф этилади. Ушбу мурожаат жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгани, энг аввало инсон манфаатини устувор қадрият сифатида илгари сургани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Президент томонидан давлат бошқаруви тизимини янада самарали ташкил этиш, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини кучайтириш, депутатлик назоратини реал механизмга айлантириш борасида билдирилган фикр ва топшириқлар жойлардаги Кенгашлар олдига янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Бу эса ҳар бир ҳудудда масъулият, ташаббус ва натижадорликка асосланган бошқарув тамойилларини мустаҳкамлаш зарурлигини англатади.
Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши учун Президент мурожаати, аввало, халқ билан мулоқотни кучайтириш, аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва уларни ҳал этишда қатъиятли бўлишига чорлайди. Бугунги кунда Кенгаш фаолияти фақат қарорлар қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ижроси устидан самарали назорат ўрнатиш, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланиши лозим.
Мурожаатда ижтимоий соҳалар – таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик масалаларига алоҳида урғу берилгани Наманган шаҳрида ҳам мазкур йўналишларда тизимли ишларни янада кучайтиришни тақозо этади. Аҳолининг турмуш сифати, ёшлар ва аёллар фаоллигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари Кенгаш кун тартибида доимий устувор вазифа бўлиб қолади.
Шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шаҳар инфратузилмасини замон талабларига мос ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар маҳаллий даражада пухта режалаштирилган ва аниқ натижага йўналтирилган қарорларни талаб этади. Бу жараёнда Кенгаш депутатлари ижро органлари билан ҳамкорликда, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда фаолият юритиши муҳим аҳамият касб этади.
Президент мурожаатида қонун устуворлиги, адолат ва масъулият масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани депутатлар зиммасидаги ишончни янада оширади. Ҳар бир депутат ўз сайловчилари олдида нафақат вакил, балки уларнинг муаммоларига ечим топувчи масъул шахс эканини чуқур ҳис этиши лозим.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар Наманган шаҳрида ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудуднинг комплекс ривожига хизмат қилади. Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ушбу вазифаларни амалга оширишда барча имконият ва салоҳиятини сафарбар этган ҳолда, халқ ишончини оқлаш йўлида изчил ва масъулият билан фаолият олиб боради.
Президент мурожаати бу нафақат стратегик йўл харитаси, балки ҳар бир раҳбар ва депутат учун масъулият мезони, фидойилик ва хизмат маданиятини талаб этувчи муҳим даъватдир.
Рустамжон ИСОҚОВ,
халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши раиси
