Қўйчиликдан топилган барака

Postni ulashish:

Мен асли Наманган шаҳрининг маркази  «Марғилон» кўчасида туғилганман. Болалигим қишлоққа хос ҳаёт, саҳарги меҳнат ва чорвага меҳр билан боғлиқ. Ўша йиллари имкониятлар чекланган бўлса-да, қўй-қўзиларга бўлган қизиқишим қалбимдан жой олган эди. У пайтларда уй шароитида озгина қўй боқардик, катта орзулар эса қалбимда яшарди. Шароит тор, имконият кам эди, аммо меҳнатга ишонч бор эди.

Тахминан ўттиз йил аввал ҳаётимда янги босқич бошланди. Оиламиз «Ахсикент» даҳасига кўчиб ўтди. Бугун мен Янги Наманган тумани «Мингтерак» маҳалласида яшайман. Ана шу ҳудуд мен учун фақат яшаш манзили эмас, балки тақдирим ўзгарган масканга айланди. Айнан шу ерда зотдор қўйчилик билан жиддий шуғулланишга қарор қилдим. Бу қарор сабр, таваккал ва меҳнатни талаб қилди. Чунки зотдор чорва хою ҳавас эмас, у доимий эътибор, ҳаракат ва масъулиятни сўрайди.

Бугун хўжалигимда 60 дан ортиқ зотдор қўй бор. Улар «Арашан», «Адилбай» ва «Ҳисори» каби наслли, қимматбаҳо зотлар ҳисобланади. Бу қўйлар юқори маҳсулдорлиги, бақувватлиги ва маҳаллий иқлимга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Эътиборлиси, бир бош зотдор қўйнинг баҳоси 4-5 минг АҚШ долларигача боради. Бу рақам кимгадир катта рақамдек туюлиши мумкин, аммо мен учун бу  аниқ ҳисоб-китоб ва келажакка қаратилган инвестиция. Ҳар бир зотли қўй эртанги даромад, барқарор хўжалик ва ишончли насл демакдир.

Ҳар йили қўйларим ўртача 20 бошга яқин кўпаяди. Бу натижа тасодиф эмас. Тўғри парвариш, озуқага эътибор, насл танлашдаги тажриба ўз самарасини беради. Асосан зотдор қўйларим тўй маросимлари учун харид қилинади. Тўй  халқимиз учун барака рамзи. Ана шу бараканинг ҳалол меҳнат орқали хонадонимга кириб келгани мен учун энг катта бахт. Шу меҳнат орқали ҳовли-жой қурдим. Машина олдим, ота-онамни умра сафарига юбориш насиб этди. Моддий ютуқлардан ҳам кўра, ота-онамнинг дуоси мен учун беқиёс бойликдир.

Бугун фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман. Қувонарлиси, ташаббусим Янги Наманган тумани ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Қўшимча ер ажратиш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Бу эса хўжаликни каттароқ миқёсда йўлга қўйиш, зотдор қўйлар сонини ошириш имконини беради. Келгусида яна бир муҳим режам бор,  Монголиядан зотдор қўйлар олиб келиш. Чунки зотни яхшилаш  самарани кўпайтириш дегани. Мен эса сифатдан ҳеч қачон чекинмайман.

Хонадоним доимо чорвачиликка қизиқувчилар учун очиқ. Ёшлар, тадбиркорликка қадам қўймоқчи бўлганлар, ҳатто узоқ ҳудудлардан келган меҳмонлар ҳам бўлади. Мен тажрибамни яширмайман. Қўй боқишнинг нозик жиҳатлари, касалликларнинг олдини олиш, озуқа меъёри, наслни асраш каби масалаларни амалий мисоллар билан тушунтираман. Ишонаман: қўйчиликда барака бор. Буни мен китобдан эмас, ўз ҳаётим мисолида кўрдим.

Ҳар йили Наманганда ўтказиладиган халқаро зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалар кўргазмаларида мунтазам иштирок этиб келаман. Бу тадбирлар мен учун ўз-ўзимни синаш, тажриба алмашиш ва янгилик ўрганиш мактабидир. Иштирокларим давомида муносиб ютуқларга эришдим, аммо ҳар бир эътироф менга янада катта масъулият юклайди. Чунки ютуқ  тўхташ учун эмас, янада олға интилиш учун берилган ишончдир.

Менинг асосий мақсадим фақат ўз хўжалигимни ривожлантириш эмас. Ниятим  маҳаллий бозорда зотдор қўйлар улушини ошириш, бошқа чорвадорларга ҳам сифатли, ишончли насл тарқатиш. Агар ҳар бир чорвадор зотга эътибор берса, қишлоқ хўжалигимиз қудратли бўлади, қишлоқда даромад ортади, дастурхонларга файз киради. Ҳалол меҳнат, сабр ва тўғри йўл инсонни албатта манзилга етаклайди. Мен бунга ишонаман, чунки бу йўлни ўз умрим билан босиб ўтяпман. Ўғлим Ёсинхон менга қўшқанот. Бугун унинг ўзи чорва ишини мустақил олиб борадиган бўлди. Мен бундан хурсандман.

Аҳмаджон Абдураззоқҳожиев,
 чорвадор.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...