Наманган шаҳридаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида янги 2026–2027-ўқув йилининг бошланишига бағишланган “Билимлар куни” тадбири ўтказилди.
Унда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов иштирок этиб, устоз ва мураббийлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарни янги ўқув йили ва Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан муборакбод этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Бугунги кунда шаҳардаги 54 та мактабда 77 минг 828 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 4 минг 271 нафардан ортиқ устоз ва мураббий таълим-тарбия бермоқда.
6-сонли мактабда 750 нафар ўқувчи таҳсил олиб, уларга 37 нафар педагог сабоқ бермоқда. Янги ўқув йилида 35 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилинди. Улар Президент совғаси сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари, китоб ва дарсликлар билан таъминланди.
Мактабнинг бу йилги 35 нафар битирувчисидан 6 нафари хорижий, 12 нафари давлат, 7 нафари нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Қолган 10 нафар битирувчи касб-ҳунар ва ишлаб чиқариш йўналишларига йўналтирилди.
Тадбирда янги ўқув йилида таълим сифатини ошириш, ёшларнинг билим ва салоҳиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда педагоглар учун муносиб шароитларни янада кенгайтириш муҳим вазифалар экани таъкидланди.
