Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва уларга амалий ечим топиш бугунги давлат бошқарувининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Халқ қабулхоналари орқали ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашилаётгани жамиятда адолат туйғуси ва давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.
Наманган шаҳри бўйича 2026 йилнинг биринчи чораги давомида жами 2148 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 44 тага ёки 2 фоизга камайган бўлса-да, мурожаатлар мазмунан мураккаблашгани ва уларни ҳал этишда янада пухта ёндашув талаб этилаётганини кўриш мумкин. Муҳими, келиб тушган мурожаатларнинг 1920 таси кўриб чиқилиб, шундан 821 таси, яъни 43 фоизи ижобий ҳал этилди. Ушбу натижа 2025 йилдаги 41 фоизлик кўрсаткичга нисбатан ўсиш кузатилганини англатади.
Дарҳақиқат, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг орзу-умидлари ва ишончи мужассам. Буни Наманган шаҳри «Қадамжо» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Воҳиджон Холматов мурожаати мисолида ҳам кўриш мумкин.
У ўз аризасида ўғли ва укасининг Россия Федерациясига иш излаб боргани, бироқ ҳужжатлари тўлиқ бўлмагани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани ва қамоққа жойлаштирилгани ҳақида маълум қилиб, уларни Ватанга қайтариш юзасидан ёрдам сўраган.
Мурожаат зудлик билан тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига йўналтирилди. Вазирликнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали масала Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси назоратига олинди. Олиб борилган ишлар натижасида фуқаролар Дилмурод Турсунов ва Абдулло Собиржанов Россиянинг Калуга вилоятидаги вақтинчалик сақлаш марказида экани аниқланди. Кейинчалик уларнинг Ватанга қайтиши учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жорий йилнинг 19 февраль куни белгиланган тартибда Ўзбекистонга депортация қилиниши таъминланди.
Ушбу ҳолат ҳар бир мурожаат орқали инсон тақдирига дахлдор муҳим масалалар ҳал этилаётганини кўрсатади. Бу эса фуқароларда давлат идораларига нисбатан ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Халқ қабулхоналари фаолияти нафақат мурожаатларни қабул қилиш, балки уларни чуқур ўрганиш ва амалий ечим топишга қаратилган тизимли механизм сифатида ўз самарасини бермоқда. Зеро, ҳар бир мурожаат инсон тақдири, унинг ҳаёти ва келажаги билан боғлиқ муҳим масаладир.
Ҳожиакбар Дадабаев,
Наманган шаҳар Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.
