Тасаввур қилинг, сизда дунёдаги энг қимматбаҳо швейтсарча соат бор. У ҳеч қачон тўхтамайди, адашмайди ва сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни назорат қилади. Гап билагингиздаги аксессуар ҳақида эмас, балки организмингизнинг ҳар бир ҳужайрасида жойлашган «сиркад ритмлар» – яъни биологик соатингиз ҳақида бормоқда.
Кўпчилигимиз биологик соатни шунчаки «эрталаб туриш ёки кеч ётиш истаги» деб ўйлаймиз. Аслида эса бу мураккаб молекуляр механизмдир. 2017 йилда физиология бўйича Нобел мукофоти айнан шу жараённи кашф этган олимларга берилгани бежиз эмас. Танангиздаги ҳар бир аъзо жигар, юрак, ҳатто тери ҳужайралари ҳам ўзининг «иш графигига» эга. Масалан, тунда жигаримиз регенерация (тикланиш) билан банд бўлса, тонгда эса организмимиз уйғониш учун кортизол гормонини ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўради. Биз кўпинча иш ҳафтаси давомида кам ухлаймиз-у, дам олиш кунлари бу «камчиликни» тўлдиришга ҳаракат қиламиз: тушгача ухлаб, танамизни «дам олдирмоқчи» бўламиз. Аслида эса, биз ўзимиз билмаган ҳолда биологик дисонанс (танамиз ички ритмининг бузилиши) ҳолатини келтириб чиқарамиз.
Тасаввур қилинг, ҳар куни эрталаб соат 07:00 да уйғонадиган одам дам олиш куни 11:00 да турса, унинг танаси бу ўзгаришни «бошқа вақт минтақасига ўтиб қолиш» деб қабул қилади. Натижада душанба куни тонгда организм яна эски режимга қайтишга мажбур бўлади. Бу жараён ички соатимиздаги чалкашликдир. У худди соатнинг мили нотўғри йўналишда айланишига ўхшайди: танангиз уйғонишга тайёр эмас, лекин “иш режими” сизни мажбур қилади. Айнан шу зиддият бизни душанба куни ўта чарчаган ва ғайрациз ҳолга солиб қўяди.
Бизнинг биологик соатимиз қуёш нури билан боғлиқ. Бироқ, бугунги кунда биз қуёшни эмас, балки смартфонларимиз ва ноутбукларимизнинг «мовий ёруғлиги»ни кўриб яшаяпмиз. Ётишдан олдин ижтимоий тармоқларни варақлаш миямизга қуйидагича сигнал юборади: «Ҳали қуёш чиқиб турибди, ухламаслик керак»! Натижада, уйқу гормони мелатонин ишлаб чиқарилиши тўхтайди. Сифатсиз уйқу эса нафақат кайфиятингизни, балки иммун тизимингизни ҳам заифлаштиради.
Қандай қилиб «соатингизни» созлаш мумкин?
Биологик соатингизни қайта тиклаш учун бир нечта оддий, аммо самарали қадамлар бор:
Тонгги қуёш: Уйғонганингиздан сўнг дастлабки 30 дақиқа ичида ташқарига чиқинг ёки деразадан табиий ёруғлик олинг. Бу миянгизга «кун бошланди» деган аниқ сигнал юборади.
Овқатланиш ойнаси: Организмингиз тунда «тозаланиш» режимига ўтади. Шунинг учун, ётишдан камида 3 соат олдин овқатланишни тўхтатинг.
Бир хил режим: Дам олиш кунлари ҳам ҳафта кунларидаги каби вақтда уйғонишга ҳаракат қилинг. Бу танангиздаги «ички соат»ни барқарорлаштиради.
Танангиз бу мукаммал муҳандислик мўжизаси. Агар сиз унинг табиатига қарши бормай, биологик соатингиз билан ҳамнафас яшасангиз, нафақат иш унумдорлигингиз ортади, балки узоқ ва соғлом умр гаровига эришасиз.
Унутманг: саломатлик бу шунчаки касалликнинг йўқлиги эмас. Бу сизнинг ички дунёнгиз ва ташқи ҳаётингиз ўртасидаги уйғунликдир. Бизнинг ҳаёт сифатимиз катта қарорларга эмас, балки кундалик кичик одатларимиз – қачон ухлашимиз ва қачон уйғонишимизга боғлиқ бўлиб чиқади. Хўш, сизнинг ички соатингиз бугун нечанинг бонгини урмоқда? Балки, унга бироз «дам бериш» вақти келгандир?
Ёқутхон Камалова, Наманган давлат педагогика институти
табиий фанлар кафедраси ўқитувчиси.
