Қурбон ҳайити муносабати билан Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ташкил этилди.
Эрта тонгдан бошланган ҳашарда Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камолов, “Нуроний” жамғармаси вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилояти бошқармаси бошлиғи Ахадхон Мирзаев, имом-хатиблар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида қабристон ҳудуди тозаланди, ариқ ва зовурлар очилди, дарахтлар оқланди, йўлаклар тартибга келтирилди. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Ҳашарда ёшлар ва нуронийларнинг биргаликдаги иштироки халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва эзгу қадриятларнинг яна бир бор намоён бўлишига хизмат қилди. Тадбир якунида иштирокчилар юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва марҳумлар руҳига бағишлаб дуо қилдилар.
Қурбон ҳайити арафасида бундай хайрли ишлар муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод сақлаш, уларнинг ҳолатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
