Жамики гўзалликлар гулга қиёсланади. Гулдек чиройли, гулдек ифорли, гул каби бетакрор…
Ҳа, гул Яратганнинг мўъжизалари ичра энг мафтункори, кўрса – кўзлар қувнайди, тақдим этилса – қалблар!
65-бора ўтказилаётган халқаро гуллар фестивалининг бугунгидек нуфузга эга бўлишида ва Наманганнинг чин маънода гуллар шаҳрига айланишида шу замин гулчиларининг ҳиссасию хизмати жуда катта.
Маълумотларга кўра, бу йил вилоят бўйича 2000 га яқин хонадонларда гуллар етиштирилди. Янги Наманган туманининг Мингчинор маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам гулчиликни даромад манбаига айлантираётган оилалар сони тобора кўпаймоқда.
Маҳалланинг “Оромгоҳ” кўчаси 12-уйда истиқомат қилувчи Сирожиддин ота бош бўлган Қодировлар оиласи ҳам салкам эллик йилдан буён гулчилик билан шуғулланиб келишади. Битта хонадонда уч оиланинг 12 нафар аъзоси истиқомат қилади ва уларнинг барчаси гул етиштиришнинг ҳадисини олган.
Етмиш ёшни қаршилаётган нуронийлар – Сирожиддин ота ва Ҳанифахон она фарзандлар қалбига энг аввало, ҳалолликни сингдиришга ҳаракат қилишди. Ҳаётнинг ўзи кўрсатдики, ҳалолликдан чекинмаган фарзанд юрагида сабр, қаноат, меҳнатсеварлик каби фазилатлар ўз-ўзидан қарор топавераркан…
Оиланинг тўнғич ўғли Садриддин Қодировни Наманган аҳли маҳоратли гулчи сифатида яхши танишади. У ҳозирда 18 сотихли иссиқхонани бошқариб келяпти. Унда 400 турдан зиёд гуллар парваришланмоқда.
- 2017 йилда Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида гулчиликни ривожлантириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди, – дейди Садриддин. – Шу вазифалар ижроси доирасида менга ҳам 18 сотих ер ажратиб берилди. Иссиқхонанинг барпо этилиши янги гул навларини яратишимизга, гуллар сонининг кескин кўпайтиришимизга замин яратди.
Айтганча, гулчилик бу оилага сулолавий мерос, десак ҳам муболаға бўлмайди. Сирожиддин отанинг тоғаси Жўрамирза ака ўтган асрнинг 50-60 йилларда Наманган шаҳридаги ҳозирги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида илк гулхоналарни барпо этиб, баҳордан то кузгача гулларни парваришлаган экан. У кишидан Сирожиддин ота, отадан эса фарзандлар гулчиликни ўрганиб, неча йилларки қадрият сифатида эъзозлаб, ривожлантириб келишяпти.
Гулчи Садриддин Қодиров 2002 йилдан буён анъанавий гуллар байрамида иштирок этиб келади. 2007 ва 2008 йилларда олий ўринларни эгаллаган. Кейинги йилларда эса биринчи ва иккинчи ўрин соҳиби, совриндор, турли номинациялар ғолиби сифатида тақдирлаб келинмоқда. Бундай натижалар бутун оиланинг гулга бўлган меҳри, қизиқиши, йил давомидаги сидқидил меҳнатининг самараси, албатта.
- Гул етиштириш ниҳоятда нозик иш, – дейди қаҳрамонимиз сўзида давом этаркан. – Битта иссиқхонада ўсаётган гулларга турлича муҳит, турлича парвариш ва эътибор зарур бўлади. Ҳар бир турдаги гул ҳақида муайян билимга эга бўлишингиз керак. Биргина хато гулни нобуд қилиши мумкин. Айниқса, бугун гулларнинг янгидан-янги навлари яратилаётган бир пайтда тинмай ўқиб-ўрганишингиз, тажриба орттиришингиз талаб этилади. Мен ҳам вилоятдаги гулчилардан иборат делегация таркибида 2017 йилда Корея, 2018 йилда Голландия, Германия ва Туркия давлатларида бўлиб, малака оширдим. Хорижий давлатларда гул етиштиришнинг инновацион усуллари, янги гул навларини яратиш йўллари, уларни Ўзбекистон иқлимига мослаштириш омилларини ўрганиб қайтдим. Натижада маҳаллий шароитда униб-ўсадиган ноёб гулларнинг янги навларини яратдим. Масалан, “Арабистон атиргули” деб аталадиган гул устида тадқиқот олиб бордим. Бунда мақсад – бир гул танасида 5-6 хил рангдаги гулларнинг очилишига эришишдан иборат эди. Бу ранглар орасида тилларанг кўринишдаги атиргулларнинг борлиги қўлга киритган энг катта ютуғимиз эди. Афсуски, бир неча йил олдин мамлакатимизда кузатилган аномал совуқ кўп натижаларимизни чиппакка чиқарди. Ҳатто, дадамлар бир неча йил аввал экиб, парваришлаган зайтун дарахти мевага кирганди. Уни ҳам совуқ уриб кетди. Бироқ тушкунликка тушмасдан, оиламиз билан яна ҳаммасини бошдан бошладик. Кўриб турганингиздек, бугун ҳовлимиз, иссиқхонамиз гулларга бурканган.
Дарҳақиқат, гулхонага кирсангиз, гўзаллик дунёсига тушиб қоласиз. Бир турдаги гулларнинг бир-бирига ўхшамаслиги ҳайратингизни оширади. Бутун танаси тикондан иборат кактусларнинг оқ, қизил рангдаги ажойиб гуллари, ёши қирқдан ошган, дарахт кўринишига келган, ватани Хитой бўлган атиргуллар, фикусь, бегония, каланхое, лола, гербера, чиннигул, петуния, алоэ, амариллис, бальзамин, герань, гиацинт, гортензия, драцена, мирт, олеандр, примула, традесканция, бинафшагуллар (фиалка), цикламен, цинерария, циперус, азалия, жасмин, монстера, папоротник, пеларгония, солянум, фикус каби гулларни томоша қилиб тўймайсиз. Иссиқхонада гуллардан ташқари кўчаларимизга зеб бериб турган могнолия дарахтининг бир неча турлари ҳам парваришланяпти экан.
- Могнолиянинг янги тури бир йилда уч марта очилади, совуққа чидамли, барглари ҳам атрофга кўрк бағишлаб туради, – дея изоҳ беради моҳир гулчи. – Шунинг учун могнология кўчатларини етиштиришни йўлга қўйдик. Қолаверса, зайтун, лавр япроғи, мушмула ва пальма кўчатларини ҳам парваришлаяпмиз.
Садриддин Қодиров ҳозир 43 ёшда. Умр йўлдоши Дилоромхон билан уч қиз, бир ўғилни тарбиялаб келишяпти, икки нафар набиранинг бобо-бувиси ҳам улар. Қувонарлиси, ёлғиз ўғил Абдуқодир отасига энг яқин кўмакчи.
Дарвоқе, Садриддин аввал комбайн ҳайдовчиси эди, пайвандчиликдан ҳам хабари бор, ишига меҳри баланд эди. Бироқ 2000 йилда унга оғир дард илашди. Тиббий текширувлар бир буйраги ишдан чиққанини кўрсатди. Ҳиндистон давлатида бажарилиши мумкин бўлган жарроҳлик амалиёти унинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин экан. Шукрки, оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг Аллоҳ болалари бахтига уни оиласига қайтиб берди. Ҳозир у II-гуруҳ ногиронлигига эга…
Агар унинг ўрнида бошқаси бўлганида, ўша пайтда бутунлай тушкунликка тушиб қолган, давлат томонидан ажратилган нафақага кўз тикиб яшаётган бўларди, балки… Йўқ, у ҳаракатсизликни ўзига эп кўрмади, кучига ишонди. Айни шу лаҳзаларда болаликдан дўсти Олимбой ҳам унга гулчиликни ривожлантиришни маслаҳат берди. Лекин аслида қонида гулларга қизиқиш бор эмасми, Ҳиндистонда бўлган пайтида ҳам у ердаги ўсимликларга, гулларга қизиққан эди.
Бир неча ойдан кейин – оёққа туриши билан гулчилик билан жиддий шуғулланишга киришди. Бора-бора хонаки гуллар етиштириш бутун оила аъзоларининг севимли машғулотига айланди. Шундоқ ҳам хонаки гулларга тўла бўлган хонадонга ноёб ва янги гуллар келтирилиб, парваришлана бошланди.
Садриддиннинг укаси Сайфиддин ҳам камёб ва талабгор касб эгаси, у ландшафт-дизайн соҳаси вакили. Хонадонлар, ташкилот ва корхоналар ҳовлиларида бетакрор кўриниш ва гўзаллик яратади. Албатта, чим(газон)дан тортиб, манзарали дарахтлар, кўп йиллик гулларни қандай парваришлаш ҳақида ҳам етарлича билимга эга. Унинг турмуш ўртоғи Муҳаббатхон ва тўрт нафар фарзандининг ҳам гулхоналарда ўз юмуши бор.
Эътиборимизни тортгани шуки, гул етиштириш бу оила учун қадрият даражасига етган. Гул етиштириш билан шуғулланаётган аксарият оилаларда бир неча турдаги мавсумий гуллардан сон жиҳатдан кўп миқдорда етиштиришга аҳамият қаратилади. Тўғри, бунинг ҳам ўз ўрни, талабгори бор. Чунки кўчаларни безаб турган анвойи гулларнинг айримлари бир ҳафта-ўн кундан кейин сўлади, бундай гулларнинг “умри” шунча, холос. Ўрнига янгисини экиш керак бўлади.
Садриддин каби гулчиларнинг меҳри эса кўп йиллик хонаки гулларга боғланган. Уларнинг фикри-ёди – дунёнинг турли бурчидан келтирилган, ёши бир неча ўн йилларга етган ноёб гулларни асраб қолиш, парваришлаш, кўпайтириш. Шунинг учун, ўйлаб қоламизки, эҳтимол, анъанавий халқаро гуллар фестивалида гулчилар “Энг кўп ноёб гул етиштирган гулчи”, “Энг ёши кекса гул соҳиби” каби номинациялар бўйича ҳам тақдирлансалар, нур устига аъло нур бўлармиди?!
Куни кеча биз ҳикоя қилган гулчилар хонадони шодлигу хурсандчиликка тўлди. Сирожиддин ота ва Ҳанифахон она муборак Ҳаж зиёратини адо этиб қайтишди. Ҳалоллик ортидан шундай ҳаловатли, саодатли кунлар насиб этганидан шукроналик тилидан тушмаётган ҳожилар дилбандларини дуолар қилишди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Наманганда ҳар ҳовлидан гуллар ифори таралади. Анвойи гуллар сизга фақат завқ ва таассурот улашмайди, балки сабрдан, гўзалликка ошна кенг қалблар ҳикоясини сўзлайди… Ёхуд бир ҳамкасбимиз ёзганидек: “Наманганда гуллар шунчаки очилмайди, улар билан бирга инсонлар ҳаёти, орзулари ва келажаги ҳам гуллайди!”
Шаҳло ТОШБЕКОВА,
«Саодат» журналининг
Наманган вилоятидаги мухбири.
