Жамиятдаги ҳақиқий муаммолар кўпинча статистик жадвалда эмас, мурожаатлар мазмунида намоён бўлади. Бир йил давомида йиғилган аризалар – бу оддий рақамлар кетма-кетлиги эмас, балки одамларнинг турмуш даражаси, эҳтиёжи ва давлат тизимига бўлган ишончининг аниқ кўрсаткичидир. Наманган шаҳар ҳокимлигига 2025 йил давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлили айнан шу жиҳатдан эътиборга лойиқ.
Электрон «edo.ijro.uz» тизими орқали 2025 йилда жами 3058 та мурожаат қайд этилган. Муҳим жиҳати уларнинг барчаси бўйича ижро таъминланган. Бу кўрсаткич тизимли ишлаш, мурожаатларни ортга сурмаслик тамойили йўлга қўйилганини англатади. Бироқ рақам ортидаги мазмун янада чуқурроқ таҳлилни талаб қилади.
Йил бошидан тўғридан-тўғри келиб тушган 1053 та мурожаатнинг 677 таси қаноатлантирилган. Қолган қисми эса ҳуқуқий изоҳ ёки тушунтириш орқали ҳал этилган. Бу эса ҳар уч мурожаатдан бири амалий ечим эмас, балки изоҳ билан якунланганини кўрсатади. Демак, мурожаатларнинг маълум қисми ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги ёки нотўғри кутилмалар натижаси сифатида юзага келган.
Президент қабулхонаси орқали келган 718 та мурожаатнинг 470 таси ижобий ҳал этилган. 248 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 65 таси изоҳ билан ёпилган. 10 та мурожаат эса ваколат доираси ташқарисида бўлгани сабабли кўриб чиқилмаган. Бу рақамлар аҳоли юқори инвстансияга мурожаат қилишни афзал кўраётганини, бироқ уларнинг бир қисми жойида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар эканини кўрсатади.
Шаҳар ҳокими қабули орқали рўйхатга олинган 1287 та мурожаатнинг 891 таси қаноатлантирилган. 396 таси изоҳ билан якунланган. Бу эса бевосита мулоқот механизми ҳам муаммоларни ечишда муҳим рол ўйнаётганини тасдиқлайди.
Мурожаатлар йўналишлари таҳлили эса энг долзарб масалаларни аниқ очиб беради. 870 та мурожаат моддий ёрдам сўраб ёзилган. Бу энг юқори кўрсаткич. Ундан кейин 821 та мурожаат уй-жой масаласи билан боғлиқ. 673 та ариза қурилиш ва материал таъминотига тааллуқли. 343 та мурожаат соғлиқни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни акс эттиради. Тикув машинаси олиш бўйича 151 та мурожаат эса аҳоли даромад топиш имкониятларини излаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, ер масаласи (30 та), ишга жойлашиш (25 та), банк-кредит (15 та) каби йўналишлар нисбатан паст кўрсаткични ташкил этган. Бу айрим соҳаларда муаммолар камроқ ёки бошқа даражада ҳал этилаётганини англатиши мумкин.
2026 йил бошидаги ҳолат эса муайян ўзгаришларни кўрсатмоқда. Жами 664 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 614 таси ижро этилган, 50 таси жараёнда. Бу давр кесимида мурожаатлар сони камайгани кузатилади. Аммо бу пасайиш тизимли ечим натижасими ёки вақт омилига боғлиқ ҳолатми бунга кейинги ойлар аниқлик киритади.
Ёзма мурожаатлар сони 187 тани ташкил этиб, уларнинг 135 таси қаноатлантирилган, 27 таси изоҳ билан ҳал этилган, 25 таси ижрога йўналтирилган. Президент виртуал қабулхонаси орқали 82 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг асосий қисми 70 таси ижобий ҳал этилган.
Вилоят ҳокимлиги орқали юборилган 298 та мурожаатнинг 194 таси қаноатлантирилган, 84 таси изоҳ билан якунланган, 20 таси жараёнда қолмоқда. Бу эса ҳудудий бошқарув тизими ўртасидаги ҳамкорлик фаол эканини кўрсатади.
Умумий манзара шуни кўрсатадики, мурожаатлар сони ва йўналишлари аҳолининг энг оғриқли нуқталарини аниқ акс эттирмоқда. Моддий ёрдам, уй-жой ва соғлиқни сақлаш масалалари етакчи ўринда қолмоқда. Шу билан бирга, мурожаатларнинг сезиларли қисми изоҳ билан ҳал этилаётгани аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлигини ҳам кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлар тизим ишлаётганини тасдиқлайди, аммо улар ҳали барча муаммолар чуқур ҳал этилганини англатмайди. Мурожаатлар камайиши эмас, уларнинг мазмунан қисқариши, яъни эҳтиёжнинг ўзи камайиши энг муҳим мезон бўлиб қолади.
Насимжон ЮНУСОВ.
