Жамоат транспорти тизими янгиланмоқда

Postni ulashish:

Наманган вилоятида жамоат транспорти тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан «Наманган вилояти кўчаларида янги жамоат транспорти: замонавий автобуслар ҳаракатга чиқарилиши ва аҳолига яратилаётган қулайликлар» мавзусида пресс-тур ташкил этилди.

Сўнгги икки йил давомида Наманган шаҳрида жамоат транспорти тизимини янгилаш йўналишида амалга оширилган ишлар бугун аниқ натижалар билан кўзга ташланмоқда. Энг муҳими, ўзгаришлар фақат транспорт воситалари сонининг ортиши билан чекланмаяпти. Йўналишлар қайта шакллантирилмоқда, тариф тизими янгиланмоқда, имтиёзли қатнов тартиби эса изчил йўлга қўйилмоқда. Бир сўз билан айтганда тизим босқичма-босқич янгиланмоқда.

2024-2025 йиллар давомида Наманган шаҳрига жами 96 та замонавий автобус олиб келинди. Уларнинг 60 таси «Турон-95 МБИ» МЧЖ томонидан олиб келинган. У «Зонг тонг» русумдаги автобуслардир. Яна 36 та автобус эса «Экспресс Долина» МЧЖ томонидан харид қилинган «Ютонг» русумидаги замонавий транспорт воситалари ҳисобланади. Мазкур автобусларнинг ҳар иккала русуми ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда шаҳардаги йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.

Янги автобуслар аниқ режа асосида йўналишларга жойлаштирилган. Маълум қилинишича, йўналишлар Наманган техника университети мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бош режа асосида қайта шакллантирилган. Ҳозирда янги автобуслар шаҳардаги 9 та йўналишда қатнов йўлга қўйилган.  Жумладан, «Отчопар бош бекати – Тахтакўприк», «Отчопар бош бекати – Чорсу», «Юксалиш – Чорсу», «Чорсу бош бекати – Практология», «Чорсу (Зирабулоқ) – Машад», «Оромгоҳ – Чорсу (Зирабулоқ)», «Бунёдкор – Сардоба», «Ҳамза – Гўзал» ҳамда «Юксалиш – Жаҳон бозори» йўналишларида янги автобуслар қатновга чиқарилган.

Йўналишларнинг қайта ташкил этилгани шуни кўрсатадики, транспорт тизими эндиликда фақат эски йўналишларни сақлаб қолиш билан эмас, балки шаҳардаги реал йўловчи оқимини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилмоқда. Бу эса тизим пухта режа асосида янгиланаётганидан далолат беради.

Ислоҳотларнинг кейинги босқичи ҳам аниқ белгиланган. 2026 йилда вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар томонидан яна 140 та замонавий электробус олиб келиниши режалаштирилган. Мазкур автобусларнинг 105 тасини Транспорт бошқармаси томонидан Осиё тараққиёт банкининг қиймати 48 миллион доллар бўлган имтиёзли кредити асосида харид қилинадиган электробуслар ташкил этади. Ушбу транспорт воситалари жамоат транспорти тизимини янада замонавийлаштириш билан бирга, экологик тоза қатновни кенгайтиришга хизмат қилади.

 Наманган шаҳрида автобусларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган «А» тасмали махсус йўлаклар ҳам босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Ҳозирда бундай йўлакларнинг умумий узунлиги 3 километрни ташкил этади. Жорий йил давомида эса ушбу йўлакларни яна 13 километрга етказиш режалаштирилган.

Пресс-тур давомида вилоят Транспорт бошқармаси бошлиғи Баҳодир Бекхўжаев сўзга чиқиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, шаҳарда автобус бекатларининг етишмаслиги ҳамда айрим йўлларнинг таъмирталаб ҳолатда экани йўналишларда қатновнинг ўз вақтида амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Транспорт тизимидаги ўзгаришлар тариф сиёсатида ҳам ўз аксини топган. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 24 мартдаги қарорига мувофиқ автобусларда бир йўловчи учун йўл ҳақи нақд тўловда 3000 сўм, электрон тўловда эса 2300 сўм этиб белгиланган. Электрон тўлов учун пастроқ тарифнинг жорий этилгани аҳолининг нақд пулсиз тўлов тизимидан кенгроқ фойдаланишини рағбатлантиришга қаратилган.

Шунингдек, жамоат транспорти тизимида ижтимоий ҳимоя масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалдаги тартибга кўра уруш қатнашчилари, уруш ногиронлари, фронт ортида меҳнат қилган фуқаролар, Афғон уруши қатнашчилари, ҳарбий хизматчилар, Чернобил авариясидан зарар кўрган фуқаролар ҳамда кўзи ожиз ногиронлар учун махсус транспорт карталари расмийлаштирилмоқда.

Бугун амалга оширилаётган ишлар шуни кўрсатмоқдаки, Наманганда жамоат транспорти тизимини янгилаш масаласи энди вақтинчалик чора сифатида эмас, балки узоқ муддатли ривожланиш йўналиши сифатида қаралмоқда. Янги автобуслар, қайта шакллантирилган йўналишлар, махсус йўлакларнинг кенгайтирилиши ва замонавий тўлов тизимининг жорий этилиши шаҳар транспорти тизимида туб ўзгаришлар бошланганидан далолат бермоқда. Энг муҳими, бу ўзгаришлар аҳолига янада қулай, тартибли ва самарали жамоат транспорти хизматини яратишга қаратилган изчил ишларнинг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда.

Муҳаммадали ЗОКИРОВ.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...