Наманганда ўтказилган 65-халқаро “Гуллар фестивали” нафақат ранг-баранг гуллар кўргазмаси, балки меҳнат, ижодкорлик ва ободончиликка берилган юксак эътироф сифатида ҳам ёдда қолди.
Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилган ҳокимликлар, ташкилотлар, маҳаллалар ҳамда гулчилик соҳаси вакиллари муносиб тақдирланди. Уларга “Onix” русумли енгил автомобиллар совға қилинди.
Танлов якунларига кўра, «Ҳокимликлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн» номинациясида Наманган шаҳар ҳокимлиги ғолибликни қўлга киритди. «Бошқарма ва ташкилотлар ўртасида энг яхши ландшафт дизайн» номинациясида эса “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали энг яхши деб топилди.
«Энг яхши ландшафт дизайн яратган гулчи» номинацияси Бурхон Шариповга насиб этди. «Энг гулзор, энг обод маҳалла» танловида эса Янгиқўрғон туманидаги “Газнон” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб сифатида эътироф этилди.
Ғолибларга автомобиллар калитларини Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов тантанали равишда топширди.
Қарийб 65 йиллик тарихга эга “Гуллар фестивали” бугун нафақат Наманганнинг ўзига хос рамзи, балки ҳудудларни обод этиш, ландшафт дизайни маданиятини юксалтириш ва меҳнаткаш инсонларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилаётган нуфузли халқаро анжуманга айланган. Бу йилги фестиваль ҳам ана шу эзгу анъананинг муносиб давоми сифатида энг фаол ва ташаббускор иштирокчилар меҳнатини юксак эътироф этди.
