Наманган шаҳрининг асосий ичимлик суви манбаи ҳисобланган «Курашхона» сув тозалаш ва узатиш иншоотида кенг кўламли реконструкция ишлари давом этмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа сув таъминоти тизимининг ишончлилиги ва қувватини сезиларли даражада оширишга қаратилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 16,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унинг доирасида 9 та замонавий насос агрегати, суткасига 100 минг куб метр қувватга эга сувни тиндириш ва фильтрлаш иншооти, реагент хўжалиги, диспетчерлик маркази ҳамда марказий лаборатория барпо этилмоқда. Шунингдек, иккита 5 минг куб метрлик ва битта 10 минг куб метрлик тоза сув резервуари реконструкция қилинмоқда.
Лойиҳа тўлиқ якунлангач, иншоотнинг сув тозалаш қуввати ҳозирги суткасига 38 минг куб метрдан 100 минг куб метргача етказилади. Бу сувнинг лойқалиги 2500 мг/литр бўлган ҳолатларда ҳам уни самарали тозалаш имконини яратиб, 600 минг нафар аҳолини узлуксиз ва сифатли ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилади.
Айни пайтда вилоятда Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 74,6 миллион АҚШ доллари бўлган яна бир йирик лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 106 та маҳалладаги 650 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиши, Поп туманидаги 10 та маҳаллада яшовчи 35 минг нафар аҳоли учун оқава сув хизмати сифати оширилиши режалаштирилган.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида электр энергияси сарфи 7 фоизга, сув йўқотишлари 9 фоизга ва эксплуатация харажатлари 11 фоизга қисқаради. Бу эса нафақат инфратузилма самарадорлигини оширади, балки аҳолини барқарор ва хавфсиз ичимлик суви билан таъминлаш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
