Наманган вилоятида гулчилик соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай корхоналардан бири — “Водий кўкаламзор савдо сервис” МЧЖ фаолияти ўрганилди.
Мазкур тадбиркорлик субекти умумий 1,8 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, шундан 1 гектар майдонида замонавий иссиқхона фаолият юритмоқда. Корхонада 29 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган.
Ҳозирги кунда иссиқхонада 30 дан ортиқ турдаги гул навлари етиштирилмоқда. Жорий мавсум учун 2 миллион 500 минг дона гул уруғи экилган бўлиб, бу келгусида бозорни сифатли ва ранг-баранг маҳсулот билан таъминлаш имконини бермоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов мазкур иссиқхонада янги мавсумга тайёргарлик ишларининг бориши, шунингдек, 65-Халқаро “Гуллар фестивали” олдидан амалга оширилаётган жараёнлар билан танишди. Ўрганишлар давомида мавжуд камчилик ва муаммолар таҳлил қилиниб, уларни тезкор ва сифатли бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
