Сўз салтанатининг соҳибқирони, ҳазрат Алишер Навоий “Сабъаи сайёр” достони якунида улуғвор орзу-истаклар оғушида ўз асарларининг умрбоқий бўлишини, етти иқлимга машҳур бўлишини Аллоҳдан сўрайди:
Етти афлокни анга ёр эт,
Етти иқлим элин харидор эт.
Не тонгки, ўша улуғвор орзу-истаклар бугун ўз тантанасини нишонламоқда. Яъни буюк шоир асарлари нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё бўйлаб қўлма-қўл ўқилмоқда.
Наманган шаҳридаги 51-умумтаълим мактабида ҳам “Феврал — буюк алломалар ойлиги” доирасида “Алишер Навоий — миллат фахри, адабиёт қуёши” мавзусида маърифий-музикали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — Муҳаммад Вали, Иброҳим Маҳкам, Гулчеҳра Муродова иштирок этиб, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг ўқувчилар эътибор қаратиши зарур бўлган муҳим жиҳатлари хусусида сўз юритдилар.
Тажрибали муаллима, олий тоифали ўқитувчи Мунаввар Маматвалиева бошчилигида 3-“А” ва 11-“А” синф ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий-музикали композиция меҳмонлар ҳамда ота-оналар томонидан қизғин олқишлар билан қарши олинди. Хусусан, 3-“А” синф ўқувчилари томонидан ижро этилган “Нон иси” номли саҳна кўриниши йиғилганларда завқ-шавқ ва катта таассурот уйғотди. Айниқса, Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро образларини ижро этган болажонларнинг равон нутқи, актёрлик маҳоратига хос оҳанг, шунингдек, ўша давр руҳини акс эттирувчи либослар йиғилганларни беихтиёр ҳаяжонга солди.
Тадбир якунида сўзга чиққан мактаб директори Роҳила Мирзаева мазкур билим маскани ўқитувчи ва ўқувчилари мисолида Навоий орзулари амалда ўз ифодасини топаётганини таъкидлаб, барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирди.
Мунаввар Маматвалиева
Наманган шаҳридаги 51-мактаб ўқитувчиси
