Наманган шаҳрида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов хитойлик инвестор Я Фанг билан учрашиб, янги инвестиция лойиҳалари юзасидан фикр алмашди. Мулоқот давомида инвестор томонидан «Cang Tuo» МЧЖ орқали амалга оширилиши режалаштирилган, умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг хўжалик моллари савдо марказини ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилди.
Учрашувда лойиҳани атрофлича ўрганиш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда белгиланган тартибда қисқа муддатларда ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан шаҳар ҳокими томонидан тегишли масъулларга зарур чораларни кўриш ва лойиҳа ижросини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Мулоқот якунида хитойлик инвестор билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, келгусида янги инвестиция йўналишларини йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
