Шаҳар ҳаёти барқарорлиги, аввало, унинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари қай даражада ишончли йўлга қўйилганига боғлиқ. Ана шундай устувор йўналишлардан бири аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласидир. Кейинги йилларда Наманганда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, техник янгиланишлар ва тизимли ёндашув ўзининг аниқ натижаларини бермоқда.
«Наманган сув таъминоти» акциядорлик жамияти шаҳар филиали томонидан олиб борилаётган ишлар бугун амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда шаҳар аҳолисининг 99,1 фоизи марказлашган ичимлик суви билан қамраб олингани муҳим натижалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Бу эса аҳолининг турмуш даражаси, соғлом ҳаёти ва қулай яшаш шароитини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
2025 йил якунлари соҳада изчил ишлар давом этаётганини тасдиқлайди. Хусусан, шаҳар ҳудудида 8,4 километр янги ичимлик суви тармоқлари барпо этилди. Шу билан бирга, 41 километрдан ортиқ эскирган қувурлар таъмирланиб, уларнинг техник ҳолати яхшиланди. Бу эса сув таъминотидаги узилишларни камайтириш ва босим барқарорлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Моддий-техник базани мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Филиалга замонавий «UzXCMG» русумидаги экскаватор ҳамда самосвал техникаси келтирилиши таъмирлаш ва авария ҳолатларини бартараф этиш ишларини янада тезкор ва самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, «Курашхона» сув олиш иншоотидаги лаборатория биноси тўлиқ таъмирланиб, замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланди. Бу эса сув сифати устидан назоратни кучайтиришга замин яратди.
Корхона фаолиятида инсон омилига устувор аҳамият берилмоқда. Бугунги кунда шаҳар филиалида 230 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион 500 минг сўмни ташкил этади. Айниқса, оғир ва зарарли шароитларда ишловчи ходимлар учун қўшимча имтиёзлар яратилган: уларга сут ва қатиқ каби компенсациялар берилади, замонавий ювиниш хоналари ташкил этилган. Барча ишчи-хизматчилар махсус иш кийимлари билан таъминлангани меҳнат хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларнинг фидойилиги алоҳида эътирофга лойиқ. Улар йил давомида, барча фаслларда, турли об-ҳаво шароитларидан қатъи назар хизмат вазифасини сидқидилдан бажаради. Қишнинг совуқ кунларида ёки ёзнинг иссиқ палласида юзага келган ҳар қандай носозликни тезкор бартараф этиш орқали аҳоли манфаатига хизмат қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, истеъмол қилинган сув учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор қарздорликни қисқартириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши тизим барқарорлиги ва хизмат сифати ошишига бевосита таъсир кўрсатади.
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларда раҳбариятнинг ўрни ҳам сезиларли. Хусусан, корхона раҳбари Дилбархон Абдуллаева ташаббуси билан соҳага илғор тажрибалар жорий этилмоқда, иш жараёнлари такомиллаштирилмоқда. Ходимларни рағбатлантириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Наманган шаҳри аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келаётган, 70 йил муқаддам барпо этилган «Курашхона» сув иншооти ҳозирда ўз қувватининг 50 фоизи миқдорида ишламоқда холос. Шу боис, уни Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида иншоотни қайта қуриш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш орқали суткалик сув ишлаб чиқариш ҳажмини 40 минг куб. метрдан 100 минг куб. метргача ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, янги авлод насос ускуналарини жорий этиш натижасида ойлик электр энергияси сарфини 1 миллион 300 минг киловатт-соатдан 800 минг киловатт-соатгача камайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини оширишга қаратилган қарорига мувофиқ, юридик истеъмолчилар томонидан замонавий, масофадан маълумот узатувчи сув ҳисоблагичларини жорий этиш белгиланган. Мазкур вазифалар доирасида бугунги кунда корхона томонидан 2282 та юридик истеъмолчига ана шундай ҳисоблагичлар ўрнатиб берилган.
Олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, ушбу қурилмалар орқали қўшимча 20,6 минг куб. метр сув истеъмоли аниқланиб, 183,9 миллион сўм миқдорида қўшимча тушум олинди. Бу эса тизим самарадорлигини ошириш билан бирга, иқтисодий барқарорликни таъминлашга имкон бермоқда.
Замонавий «Smart» турдаги ҳисоблагичлар масофадан бошқариш ва кунлик назорат имкониятлари билан фарқланади. Уларнинг жорий этилиши инсон омилини қисқартириш, ортиқча харажатларни камайтириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Келгусида ҳам соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Хусусан, 2026-2027 йилларда йирик инвестиция лойиҳалари доирасида сув олиш ва узатиш иншоотларини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ишлари давом эттирилади. Бу эса аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада оширишга ижобий имкон яратади.
Сув ҳаёт манбаи. Уни етказиб бериш катта масъулият ва фидойиликни талаб этади. Шу боис, ҳар бир истеъмолчи сувдан оқилона фойдаланиши ва тўловларни ўз вақтида амалга ошириши орқали тизим барқарорлигига ўз ҳиссасини қўшиши муҳимдир.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
