Омонулла ҚАМБАРОВ вилоят матбуотининг устуни эди

Postni ulashish:

Наманган шаънини улуғлаганлар

(23.03. 1936 – 16.10. 2000)

         Наманган Чор Россияси томонидан 1874 – 1876 йилларда тўла босиб олинди. Орадан ярим аср ўтиб, оқ пошшо тахтдан ағдарилгач, ҳокимият  бошига келган большевиклар ҳам Туркистонни қўлдан бермасликка аҳд қилди.  Мазкур икки тузум ағдарилиши, айниқса худосизлар жамияти бўлган шўролар даврида ўлкамиздаги, жумладан Намангандаги илм-маърифатли, бой-бадавлат шахслар ўз она юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Ўзига тўқ оилалар араб давлатларига ўтиб кетиш йўли сифатида Қирғизистонни танладилар. Уларнинг кўпи маълум манзилларни макон этдилар. Бироқ қизил аскарлар ўз сафини кучайтириб, кейинги кўчишларга йўл қўймади. Шунда Наманган шаҳри, Чуст ва Тўрақўрғон ҳамда Ҳаққулободдан бўлган оилаларнинг сафари эрта қариди. Улар бошқа давлатларга ўтиб кетолмай, Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида яшаб қолдилар.

         Асли Тўрақўрғондан бўлган мулла Қамбар Мамасодиқов (1889 – 1946) ҳамда Обида Мамажонова (1889-1940) хонадонида 1936 йилнинг 23 март куни ўғил бола дунёга келди. Унга “Омонда бўлсин!”, “Оллоҳнинг омонлигида бўлсин!” дея Омонулла деб ном қўйишди. Ёш болакай 1946 йил Ўзгандаги 1-ўрта мактабнинг 1-синфига кириб 1954 йилда 9-синфни битиради. У дастлаб касб-ҳунар техникумини битириб, Ўзган шаҳрида аввал моторист, сўнг киномеханик бўлиб ишлай бошлади. 1954-1957 йиллар давомида совет армиясининг ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилди. Ота-онасидан эрта айрилган Омонулла армия сафидан қайтгач Тўрақўрғон туманига келди. Дастлаб “Пахтакор” кўнгилли спорт жамияти раиси бўлди. Сўнг ёшлар иттифоқи туман кенгаши йўриқчиси, ўрта мактабда ҳарбий таълим ўқитувчиси бўлиб ишлади.

         Омонулла акадаги  уқув ва ташкилотчилик уни Учқўрғонга етаклади. Дастлаб туман ёшлар иттифоқи кенгаши йўриқчиси (1960-1961), туман матлубот жамияти ташкилий ишлар йўриқчиси (1961-1963), фуқаро мудофааси штаби бошлиғи (1963-1965) бўлиб фаолият юритди.

         О. Қамбаров 1965-1969 йиллар давомида Тошкент Олий партия мактабида ўқиб, сиёсатшунос-журналист дипломига эга бўлди. 1969 йилнинг июнь ойидан 1972 йил декабригача Наманган область партия қўмитаси тарғибот ва ташвиқот бўлими йўриқчиси сифатида фаол иш олиб борди.

         Омонулла Қамбарович бир неча чақириқ халқ депутатлари  Наманган шаҳар ва вилоят кенгашлари депутати эди.

БОШҚАРМА БОШЛИҒИ

Республикамиз бош раҳбари сифатида Шароф Рашидов фаолият юритар экан, у киши матбуот, матбаа ишида, ёзувчилар, журналистлар ҳаётида муҳим бўлган ислоҳотлар ўтказди. Ўзбекистон матбуот қўмитаси Тошкентнинг Навоий кўчаси, 30-уй манзилидаги муҳташам бинога кўчирилди. Ўзбекистон журналистлар уюшмаси шу ерда фаолият олиб борди. Ўнлаб давлат нашриётлари, замонавий босмахона барпо этилди. Қолмишига, Тошкентнинг қоқ марказида “Шарқ” нашриёт-матбаа уйи, унга туташ жойда етти қаватли газета-журналлар таҳририяти мажмуаси…

         Бу яратувчанлик  бежиз эмас эди. Оллоҳ раҳмати Шароф Рашидов Ўзбекистон матбуот қўмитаси раиси этиб Зиёд Исломович Есенбоевни танлаб, Москвадан унинг номзодини ўтказганида минг бора ҳақ эди. Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилган, Ўзбекистонда миллий матбуотни ривожлантиришда бу улуғ инсон (21.06. 1921-10.08.2009)нинг хизмати беқиёс эди. Очиқ юзли, тоза қалбли, кенг феълли бу одам вилоят бошқармаларига ҳам ўзи сингари шахсларни топиб қўйди. 1972 йил 24 ноябрда 103-буйруқнинг 2-параграфи билан Омонулла Қамбаров  Наманган вилояти ижроия қўмитасининг нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

         70-80-йилларда матбуот бошқармаси, “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари Комбриг Циницин кўчасида жойлашганди. Ҳозирги вилоят банки бош бошқармасининг ўрнида бошқарма ва “Наманган ҳақиқати”, ҳозирги Наманган шаҳар давлат хизматлари биноси ичида “Наманганская правда” газеталари, йўлнинг қарши томонида вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси ҳовлиси ўрнида “Ударник” босмахонаси жойлашганди. Вилоят газеталари ҳафтада беш марта, катта ҳажмда босиларди. Компьютерлашмаган ишлар ниҳоятда оғир кечарди. Ҳар икки таҳририятда иш тонггача давом этарди. Қолмишига қиш ва ёз фаслида чорраҳа хатлаб босмахонага ўтиш, тузатилган матнлар, босилган саҳифаларни таҳририятда яна солиштириб тузатишлар… Бу қора меҳнатга ҳамма ҳам чидай олмасди. Босмахонадаги линотип  машиналарда  қайнаб турган қўрғошин, сурма ва металл эритмасидан одамни бўғадиган даражада заҳарли ҳаво отиларди. Босмахона ишчиларининг тишлари тўкилиб кетган, гарчи ҳар куни сут ва қатиқ тарқатилсада, уларнинг саломатлиги бошқа касб эгаларидан анча эрта заифлашарди. Шу боис шўро сиёсатдонларидан бири Сергей Миронович Киров “газета иши – дўзах иши” деб, атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов эса “Газетачи  меҳнати игна билан қудуқ қазишдай оғир” эканлигини бежиз таъкидлашмаган эди.

***

         Омонулла Қамбаров бир ой ичида соҳанинг энг оғриқли, муаммоли масалаларини ечиш бўйича ўзига режа тузди. Туманлар раҳбарлари билан таҳририятлар, босмахоналар, китоб савдоси шохобчаларининг бир маромда ишлашини белгилаб олди. Бунинг учун туманлараро босмахоналар ташкил этилди. Талабга жавоб берадиган бинолар ижратилди. Янгиқўрғон ва Чортоқ туман газеталари Чортоқда, Учқўрғон ва Норин туман газеталари Учқўрғонда, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон газеталари Мингбулоқда, Поп ва Чуст газеталари Попда, шунингдек, Косонсой ва Уйчи туманларида босмахоналар ташкил этилди. У даврларда туман газеталари ҳафтада икки-уч марта, жуда катта ададда чоп этиларди. Мазкур босмахоналардаги ишлар юқорида айтганимдай оғир жисмоний ва экологик босимда эди. Омонулла ака туман раҳбарлари билан келишиб, чорвачилик ривожланган жамоа хўжалиги (колхоз)дан сут ва сут маҳсулотлари, гўшт маҳсулотлари тарқатилишига эришди. Вилоятдаги “Ударник” босмахонаси номини ўзбекчалаштириш учун жонкуярлик қилди. Ниҳоят “Зарбдор” номли вилоят босмахонаси деб юритиладиган бўлди. Бошқарма бошлиғи ўзи учун энди яна бир мажбурият белгилади. Босмахоналарда ишлатиладиган  мис, қўрғошин, сурма эритмасидан қуйилган алифбо – алфавитдаги ҳарфларнинг ўлчами, кўриниши, шакли-шамойили ҳар хил бўлишини назарда тутиб, ҳарф қолипларини келтиришни мақсад қилди. Бунгача фақат “Правда”, “Известия”, “газета” типидаги ҳарфлардангина фойдаланиларди. Айтайлик Ўзбекистон ҳукумати ёки маҳаллий ҳокимликлар қарорлари “жиддий” ҳарфларда, очерк, фельетонлар мавзу талабидаги ҳарфларда босилиши керак эди. Масалан, бир қотиллик ҳақидаги мақоланинг сарлавҳасида совуқ қурол ёки қон томиб турган ҳарфлар сарлавҳага чиқариларди…

         Омонулла Қамбаров кўп йиллардан мерос қолган бир иборани  кўп такрорларди. “Ҳамма ишни кадрлар (ходимлар) ҳал қилади”. У ўзининг шу ақидасига қаттиқ амал қилди. Газета, радио, телевидение учун журналист ходимлар тайёрлашга, босмахона, нашриёт учун малакали мутахассислар тайёрлашга астойдил бел боғлади. Бунинг учун Тошкент давлат университети, Тошкент типография техникумлари билан шартномалар қилди. Ўтган асрнинг кейинги йигирма йили мобайнида юзлаб журналист ва матбаачи ходимлар вилоят ижтимоий-сиёсий  ҳаётининг ўзагини ташкил этдилар.

Омонулла Қамбаров вилоятнинг “Зарбдор” босмахонаси жамоасини республика миқёсида зарбдор жамоага айлантира олди. Матбаачилар сурункасига республикадаги турдош корхоналар орасида ғолибликни бермай келди. Вилоятда босма маҳсулотларга  бўлган талаб ошиб борарди, бу эса аҳолига сифатли ахборот етказиш, шунингдек, халқ хўжалигининг барча соҳаларида иш юритув қоғозларини етарли чоп этиб бериш вазифасини қўярди…

ЗАМОНАВИЙ МАТБУОТ УЙИ

         Омонулла Қамбаров  ўзининг йигирма тўрт йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон матбуот қўмитаси раислари – Зиёд Есенбоев, Собиржон Қурбонов, Рустам Шоғуломов, Эркин Йўлдошев, вилоят раҳбарлари – Маҳкам Камолов, Назир Ражабов, Бўри Алламуродов, Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиевлар билан бирга ишлади.

         Чорсудан Наманганнинг темирйўл дарвозаси  – темирйўл вокзалигача биринчи космонавт-учувчи Юрий Гагарин номи берилди. Сўнг кўча улуғ мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталди. Бу шоҳкўчада маданият, маърифат, санъат, адабиёт, журналистикага дахлдор бино ва иншоотлар қурилди. Вилоят драма театри, Саноат-қурилиш банки, Маиший хизмат уйи, “Баҳор” кинотеатри, “Матбуот уйи”, “Машраб” кинотеатри… Кўп қаватли замонавий тураржойлар… Шаҳар бош режасидаги маънавий иншоотлар ыурилиши тарафдорлари орасида Омонулла Қамбаровнинг ҳаракати, меҳнати алоҳида эди. У шаҳар ҳамда вилоят раҳбарларидан шаҳарнинг қоқ марказидан жой сўради. Қурилиш учун 1,5 гектар ер ажратилди. Омон Қамбаров қўмита раиси Зиёд Исломовга, сўнг икковлон  Шароф Рашидов ҳузурига киришди. Давлат бюджетидан маблағ ажратилди. Бунинг учун Москванинг рухсати олинди. Бу осон эмасди, албатта.

Абдурашид Юнусов,

меҳнат фахрийси, бошқарманинг собиқ бош муҳандиси.

Ниҳоят ҳозирги Навоий кўчаси, 36-уй (собиқ Гагарин – 36) манзилидан 1,5 гектар ер ажратилди. Бу ҳудуддаги аҳолига Нуробод даҳасидан ер участкалари ажратилди. Халқимизда “қушнинг ҳам уйи бузилмасин!” деган ҳикмат бор. Қаршиликлар етарли эди. Аммо Омон ака уларнинг ҳар бирига қулоқ тутар, кўнглига йўл топа оларди. Ҳовли-жойларни бузиш, яроқли бўлган қурилиш материалларини  ажратиш, автомашиналарга юклаш ва тушириб беришга босмахонанинг ишчилари, идора хизматчилари узлуксиз қатнашишарди. Негаки, ишчи кийимдаги бошлиқнинг ўзи ҳар доим энг оғир ишларнинг домида эдида. Автобазалардан юк машиналари жалб этиларди.

Бино 1978 йилда бошланиб 1980 йилда тўлақонли фойдаланишга топширилди. Бинонинг очилиш маросими тантана билан ўтди. Шароф Рашидов ўз сўзларида журналистлар ва ноширлар, шунингдек, вилоят раҳбарлари олдидаги вазифалар ҳақида оҳиста топшириқлар бердилар.

Омон ака вилоят  ҳамда туманлар  босмахоналарининг моддий-техник  базасини ривожлантиришга мислсиз ҳисса қўшди, десам лоф эмас. Тошкентга келтирилган соҳадаги янгилик албатта, илк бор Наманганга юбориларди. Энг муҳими сифатида  босмахона ходимларининг “горячий набор” – валлари айланиши билан иссиқ ҳароратда бўёқ берилиши билан босиладиган матбаа маҳсулоти энди офсет усулига ўтказилганди.

Омон ака маҳаллий ҳокимликлар орқали 1981-1984 йиллар орасида таҳририятлар, босмахоналар, китоб савдоси тизими ходимларининг 50 нафарига хонадонлар, 50 дан ортиқ ходимларига эса ер участкалари олиб бериб, уларнинг яшаш шароитини яхшилашга катта ҳисса қўшганлар.

Аҳмаджон Юсупов,

меҳнат фахрийси, собиқ хўжалик мудири ва ҳайдовчи.

         -“Матбуот уйи” қурилиши соҳамиз ходимлари учун зарбдор қурилиш эди. Аммо одамларни кўчириш жуда қийин кечган. Қаршимизга болта кўтариб чиққанлар ҳам бўлган…

         Ҳозирги матбуот дўкони остидан икки қаватли қабрлар чиқиб қолди. Таомилга кўра, суякларни йиғиб, оқ матога ўраб, ишлаб турган қабристонларга  кўмардик.

         Ишловчилар учун тушлик Омон аканинг ўз ҳисобидан эди. Яхшиям унинг болалиги Ўзганда ўтган экан. Ҳар ҳафта меҳмон бир неча кунлик гуручи билан келади. Шунда Омон ака “Аҳмаджон, аянгизга боринг. Кеча Ўзгандан гуруч келган. Шуни берсин. Бугун ҳам ош мендан…”. Аммо бу навбат асло ўзгармас эди.

… Омон ака Учқўрғонда ишлаб обрў топган. Шу ерда уйланган. Янги берилган участкага қурилиш қилган. Ўқишни битиргач вилоятда  ишлай бошлаган. Ҳовлисини бир этак фарзанди бор оилага хадя қилиб юборган.

***

Обкомда иш бошлаганларида  Бобуршоҳ кўчаси (собиқ Ленин проспекти)дан кўп қаватли уйларнинг 2-қавати берилади. Юк машинасида  келган ашёларни тушириш чоғида юқоридан уч фарзандли аёл болаларини етаклаб тушиб келади. Маълум бўлишича бу оилага 4-қаватдан уй берилган экан. Омон ака аввал янги оиланинг ашёларини 2-қаватга туширтирдилар. Ўзлари 4-қаватга жойлашдилар. “Йўқ қизим, сен учта бола билан ҳар куни юқори қаватга чиқиб-тушишинг болалар учун хавфли, мен уйни қайта расмийлаштириб бераман…”.

***

Кўп қаватли уйдан Чехов даҳасидаги эски ҳовлилардан бирини сотиб олишади. Татар миллатига мансуб эр-хотин илтимос қилишади. “Ҳовлимиз оралиқда. Бир метрли йўл берсангиз, деб чиққандик”. “Бир метр эмас, автомашина кириб-чиқадиган йўл бераман. Бу қўшнининг ҳаққику”.

***

Тошкентга қўмита йиғилишига жўнадик. Газета иши тонгги 5 гача давом этган. Довонда мени уйқу босди. Омон ака “озгина мизғиб олинг!” дедида ўзи тоғ томон юриб кетди. Бир вақт ойнага чертилган товушдан уйғондим. 2,5 соат ухлабман. Коллегияга кеч қолгандик. “Энди нима бўлади”, дедим. “Икки марта келсам ҳам қаттиқ уйқуда экансиз. Жуда кеч қолдик. Сизни ҳам, мени ҳам танийди. Қўмита раиси Зиёд аканинг уйига ҳайданг”, – дедилар.

***

…Омон ака ҳар йили таътилни Мингбулоқда  ёлғиз ўзлари пахта теримида ўтказардилар. Амалда пахта терардилар. Ҳар йили мавсум давомида қўлда 2,5 – 3 тонна пахта териб, маълумотини сақлаб қўярдилар.

***

Вилоят матбуотининг устуни Омонулла Қамбаров қарийб 24 йил Ўзбекистон журналистлар уюшмаси бошқаруви аъзоси, вилоят журналистлар ташкилоти раиси, маданият ходимлари касаба уюшмаси вилоят ҳайъатининг аъзоси ҳам эди. У кишининг турмуш ўртоғи Ҳосият опа 5-умумтаълим мактабида ишлаб, ҳожилик мақомига эришиб оламдан ўтганлар. Уларнинг ўғиллари Баҳодир, келинлари Гулнора, қизлари Барно, куёвлари Жобирхон ҳамда бугун Қамбаров, Омонуллаев, Каримов фамилиясини ардоқлаб келаётган ўнлаб набиралар бор. Устоз умри улар ҳаётида давом этмоқда.

Раҳимжон ИРИСОВ, манбашунос-журналист.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...