Қалб меъмори ва бунёдкор авлод тимсоли

Postni ulashish:

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири  ҳар томонлама етук, билимли, ташаббускор ва Ватан равнақини ўзининг шахсий манфаатларидан устун қўя оладиган ёшлар авлодининг шаклланаётганидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, илм-фан ва маънавият соҳасидаги юксалишлар замирида айнан ана шундай ёшларнинг меҳнати, изланиши ва орзулари мужассам.

Бугунги ёшлар ҳақида сўз кетганда, кўпинча маълум бир йўналишда катта муваффақиятга эришган истеъдод эгалари кўз олдимизга келади. Бироқ баъзан шундай инсонлар учрайдики, улар бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда самарали фаолият юритиб, илм ва ижод, тафаккур ва бунёдкорлик, маънавият ва амалиётни уйғунлаштира олади.

Ана шундай ёшлардан бири – Беруний номидаги Давлат стипендияси соҳиби, «Илҳом» мукофоти совриндори, Республика ёш ижодкорларининг анъанавий «Зомин» семинари иштирокчиси, ёш шоир, тадқиқотчи, жамоат фаоли Аҳмаджон Мухторжоновдир.

Унинг ҳозиргача қўлга киритган муваффақиятларига назар ташлар эканмиз, замонавий Ўзбекистон ёшларига хос энг муҳим фазилатларни кўрамиз: билим олишга чанқоқлик, тинимсиз изланиш, мақсад сари қатъият билан интилиш, Ватанга муҳаббат ва халқ олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиш. Бу бир ҳақиқатни тасдиқлайди: инсон ўз устида ишлашдан тўхтамаса, олдига улкан мақсадлар қўйса ва меҳнатни ҳаёт мезонига айлантирса, бир вақтнинг ўзида ҳам олим, ҳам ижодкор, ҳам жамоатчи бўла олади.

МАЪРИФАТ ВА ЭЗГУЛИККА ТАЯНГАН ОИЛА

Ҳар бир инсоннинг келажаги, аввало, у вояга етган оиладаги муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Тарбия, маънавият, илмга бўлган муносабат ва ҳаётий қарашларнинг дастлабки уруғлари айнан оилада униб, сўнгра қад кўтаради. Аҳмаджон Мухторжоновнинг ютуқлари ҳақида гапирганда ҳам, аввало, уни вояга етказган оилани тилга олиш лозим.

У 2002 йил 25 февралда Наманган вилоятининг Учқўрғон тумани Қўрғонча маҳалласида зиёли оилада таваллуд топди. Ушбу хонадонда илмга ҳурмат, китобга меҳр ва инсоний қадриятлар устувор ўрин тутарди. Отаси Фарҳоджон Раҳмонов маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида халқ хизматида фаолият олиб боради. Маҳалла тизими одамлар дарди билан яшаш, жамият олдидаги масъулиятни ҳис қилиш ва фуқароларнинг ишончини оқлашни талаб этадиган мураккаб фаолиятдир.

Аҳмаджон болалигидан отасининг одамларга ёрдам беришга интилиши, масъулиятни зиммасига ола билиши ва жамоат манфаатларини устувор қўйишини кўриб улғайди. Онаси Маликахон Раҳмонова эса бошланғич синф ўқитувчиси. Ўқитувчилик нафақат касб, балки фидойилик ва масъулият мактабидир. Айнан онасининг таълимга, китобга ва шеъриятга бўлган муҳаббати Аҳмаджоннинг қалбида адабиётга меҳр уйғотган энг муҳим омиллардан бири бўлди.

Ёш ижодкор бугун ҳам болалигини эслар экан, онасининг шеърлар ёдлатгани, китоб мутолаасига ундагани ва ҳар бир ўқилган асар юзасидан суҳбатлар уюштирганини миннатдорлик билан тилга олади. Бу оддий ҳолатдек туюлиши мумкин. Аслида эса ана шу кичик тарбиявий жараёнлар келажакдаги шоир ва тадқиқотчининг шаклланишида улкан аҳамият касб этди.

Оиладаги маънавий муҳит ҳақида сўз борганда, Аҳмаджон бобоси ва раҳматли момосини ҳам алоҳида эҳтиром билан эслайди. Бобосининг ҳаётий ҳикматлари, момосининг меҳр-муҳаббати ва насиҳатлари унинг қалбида инсонийлик, камтарлик ва эзгулик туйғуларини мустаҳкамлади. Бугун укалари Самандарбек ва Сарварбекнинг ҳам олий таълим муассасаларида таҳсил олаётгани ушбу оилада илм ва маърифатнинг нечоғли қадрланишини кўрсатади.

Аҳмаджоннинг ҳаётидаги яна бир муҳим таянч – унинг турмуш ўртоғи Ҳуснобод Валижоновадир. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети магистранти бўлган Ҳуснобод ҳам Беруний номидаги Давлат стипендияси соҳибаси ҳисобланади. Илм-фан йўлини танлаган икки ёшнинг бир мақсад сари интилиши бугунги замонавий, маърифатли ва интеллектуал оиланинг ёрқин намунасидир.

КИТОБ БИЛАН БОШЛАНГАН ОРЗУЛАР

Баъзан инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборадиган омил жуда оддий бўлади. Аҳмаджон Мухторжонов ҳаётида бундай омил китоб бўлди.

2008 йилда Учқўрғон туманидаги 27-сонли умумтаълим мактабининг биринчи синфига қадам қўйган кичик Аҳмаджон тенгдошлари қатори мактаб ҳаётини бошлади. Аммо унинг қизиқишлари аста-секин бошқаларникидан фарқ қила бошлади. Кўпчилик болалар бўш вақтини турли ўйинларга сарфлаган даврда у китоб варақлашни яхши кўрар эди. Аввалига болалар адабиёти, эртаклар ва шеърлар унинг тасаввур оламини бойитди. Кейинчалик эса тарихий ва бадиий асарлар мутолааси дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилди.

Китоб инсонни фақат билимли қилмайди. У инсонни фикрлашга, ҳис қилишга, ҳаётни англашга ўргатади. Аҳмаджоннинг шахс сифатида шаклланишида ҳам мутолаа ана шундай вазифани бажарди.
2014 йилда Наманган шаҳридаги 8-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатига қабул қилиниши унинг ҳаётидаги муҳим бурилишлардан бири бўлди. Бу ерда у билимли ва интилувчан тенгдошлар даврасига тушди. Янги муҳит ёш йигитнинг мақсадларини янада юксалтирди.
Кейинчалик Наманган муҳандислик-қурилиш институти академик лицейида таҳсил олиб, ўзининг интизоми ва билимга бўлган масъулияти билан ажралиб турди. Мактабни имтиёзли шаҳодатнома, лицейни эса имтиёзли диплом билан тамомлаши унинг ёшликдан бошлаб ўз олдига юқори талаб қўя олганини кўрсатади.

МУҲАНДИСЛИККА ЕТАКЛАГАН ҚИЗИҚИШ

Аҳмаджон Мухторжонов ҳақида эшитган кўпчилик дастлаб уни шоир сифатида тасаввур қилади. Бироқ унинг профессионал фаолияти мутлақо бошқа йўналиш билан боғлиқ. Болалигидан янги қурилишлар, замонавий бинолар ва улкан иншоотлар унда катта таассурот қолдирарди. Янги бунёд этилган масканларни кўрганида, уларнинг ортида қандай меҳнат ва илм ётиши билан қизиқар эди.

Йиллар ўтиб, бу қизиқиш онгли танловга айланди. 2019 йилда Наманган муҳандислик-қурилиш институтига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиниши унинг орзулари сари ташланган муҳим қадам бўлди. Талабалик йиллари Аҳмаджон учун фақат аудиторияларда билим олиш билан чекланиб қолмади. У илмий изланишлар олиб борди, жамоат ишларида фаол қатнашди, ижод билан шуғулланди ва турли танловларда ўз имкониятларини синаб кўрди. Бу даврда у қурилиш соҳаси мамлакат тараққиётининг асосий таянчларидан бири эканини янада чуқурроқ англаб етди. Чунки янги Ўзбекистон қиёфасини замонавий йўллар, кўприклар, уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари белгилайди. Уларнинг барчаси эса муҳандислик тафаккури маҳсулидир.

2023 йилда институтни имтиёзли диплом билан тамомлаган Аҳмаджон магистратура босқичида ҳам таҳсилни давом эттирди. 2025 йилда магистрлик босқичини муваффақиятли якунлаб, илмий фаолият сари дадил қадам ташлади. Бугун у Наманган давлат техника университетида «Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар» ихтисослиги бўйича стажёр-тадқиқотчи сифатида фаолият юритмоқда. Профессор Собиржон Раззаков раҳбарлигида олиб бораётган илмий изланишлари ёш олимнинг келажакдаги йирик илмий ютуқларига мустаҳкам замин яратмоқда.

ШЕЪРИЯТ – РУҲНИНГ ЭҲТИЁЖИ

Қурилиш соҳаси аниқ ҳисоб-китобларни, техник тафаккурни ва қатъий ёндашувни талаб қилади. Шеърият эса ҳиссиёт, руҳият ва бадиий тасаввур оламидир. Бир қарашда бу икки йўналиш бир-биридан узоқдек туюлади. Аммо Аҳмаджон Мухторжонов ҳаёти уларнинг аслида бир-бирини бойитиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Унинг шеъриятга бўлган муҳаббати оиладаги китобхонлик муҳити орқали шаклланган. Болаликда ёдланган шеърлар, мутолаа қилинган китоблар ва адабиётга ошнолик вақт ўтиши билан ижодий эҳтиёжга айланди. Мактаб йилларидаёқ қалам тебрата бошлаган Аҳмаджоннинг илк шеърлари она ва Ватан мавзуларига бағишланган эди. Бу тасодиф эмас. Чунки инсон қалбида энг аввало, она меҳрига ва туғилиб ўсган юртга муҳаббат шаклланади.

Кейинчалик бу туйғулар ижодкорнинг руҳий оламига айланади.  Дастлаб оддий машқ сифатида ёзилган шеърлар вақт ўтиши билан бадиий изланишларга айланди. У мутолаа доирасини кенгайтирди, устозлар маслаҳатларини тинглади ва адабиётга жиддий ёндаша бошлади. Маҳаллий матбуотда илк шеърларининг чоп этилиши эса ёш ижодкор учун катта рағбат бўлди. Айнан шу даврдан бошлаб шеърият унинг ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.

ИККИ ОЛАМНИ БИРЛАШТИРГАН ФАЛСАФА

Аҳмаджон Мухторжоновнинг энг қизиқарли жиҳати шундаки, у муҳандислик ва шеъриятни икки алоҳида йўналиш эмас, балки ягона мақсадга хизмат қилувчи соҳалар деб билади. Унинг таъбирича, қурувчи инсон яшайдиган масканларни бунёд этса, шоир инсон қалбини бунёд этади.
Бу қараш замирида чуқур ҳаётий фалсафа мужассам.

Дарҳақиқат, тараққиёт фақат бетон ва темир билан белгиланмайди. Жамиятнинг маънавий пойдевори ҳам мустаҳкам бўлиши керак. Бинолар инсон учун қулай муҳит яратади, адабиёт эса инсоннинг руҳий оламини бойитади.

Аҳмаджоннинг фаолиятида айнан мана шу икки йўналиш бирлашган. У кундузлари илмий тадқиқотлар билан шуғулланса, кечқурунлари шеърлар ёзади. Бир томонда қурилиш конструкциялари устида ишлайди, бошқа томонда эса қалб ва руҳият ҳақидаги сатрларни қоғозга туширади. Бу эса уни замонавий ёшлар орасида алоҳида ажратиб турадиган жиҳатлардан биридир.

ИСТЕЪДОДНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАГАН МУҲИТ

Ҳар қандай истеъдоднинг камол топишида у бор муҳитнинг ўрни беқиёс. Чунки салоҳият имконият билан учрашган жойда натижа юзага келади. Аҳмаджон Мухторжоновнинг қобилиятлари шаклланишида ҳам таълим олган олийгоҳи муҳим аҳамият касб этди.

Талабалик йилларида у нафақат ўқув жараёнида фаол бўлди, балки илмий, ижодий ва жамоатчилик фаолиятда ҳам ўзини намоён эта олди. Университетда яратилган соғлом маънавий муҳит, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизими ва истеъдодларга бўлган эътибор унинг янги марралар сари интилишига туртки берди.

Аҳмаджон таълим олган даврларини эслар экан, университет раҳбарияти томонидан ёшларнинг илмий ва ижодий ғояларига берилган юксак эътиборни алоҳида таъкидлайди. Айниқса, университет ректори профессор Ойбек Эргашев бошчилигидаги жамоа ҳамда ёшлар етакчиси Диёрбек Соаталиев томонидан иқтидорли ёшларга билдирилган ишонч кўплаб талабаларнинг ўз салоҳиятини намоён этишига имкон яратганини мамнуният билан қайд этади.

Дарҳақиқат, ёшларнинг ютуғи фақат уларнинг меҳнати билангина белгиланмайди. Уларни қўллаб-қувватлайдиган муҳит, ташаббусларини қадрлайдиган устозлар ва имконият яратадиган тизим ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аҳмаджоннинг илмий ва ижодий фаолиятида эришган натижалари ана шу омилларнинг самарали уйғунлашуви маҳсулидир.

ИЛМИЙ ИЗЛАНИШЛАР ЁЪЛИДАГИ ДАСТЛАБКИ ЮТУҚЛАР

Бугун Аҳмаджон Мухторжоновни кўпчилик шоир сифатида танийди. Аммо унинг фаолиятидаги яна бир муҳим қирра – илмий изланишлари.
Қурилиш соҳаси замонавий дунёда энг тез ривожланаётган йўналишлардан бири ҳисобланади. Технологиялар, янги материаллар ва инновацион ечимлар ҳар куни янгиланиб бораётган бир даврда ушбу соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш катта масъулият талаб этади.

Ёш тадқиқотчи ҳам айнан шу йўналишда ўз илмий фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг мақсади нафақат назарий билимларни эгаллаш, балки амалий жиҳатдан ҳам қурилиш соҳасининг ривожига ҳисса қўшишдир. Профессор Собиржон Раззаков раҳбарлигида олиб бораётган илмий изланишлари бугунги кунда ёш олимнинг истиқболли тадқиқотчилар қаторидан жой олишига хизмат қилмоқда. Келажакда докторантура босқичида таҳсил олиш ва халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш нияти ҳам айнан шу мақсадларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

КИТОБДАН КИТОБГА, ИЗЛАНИШДАН ЯНГИ ИЗЛАНИШЛАРГА

Ижодкорнинг дунёси унинг асарларида акс этади. Аҳмаджон Мухторжоновнинг бугунгача ўндан ортиқ китоби чоп этилди.

Унинг «Кўнгил гулшани» номли китобида инсон қалбининг нозик кечинмалари, эзгулик ва муҳаббат туйғулари ифода этилган бўлса, «Сўз сеҳри» тўпламида бадиий тафаккур ва сўз қудратига бўлган ишонч акс этади. «Юрагимдан ўтинг Ватанга» номли асар эса номиданоқ Ватанга бўлган чексиз муҳаббатни ифодалайди. Ушбу китобдаги шеърлар ва мушоҳадаларда юрт тақдири, халқ равнақи ва миллий қадриятлар бош мавзу сифатида намоён бўлади. «Наманган хиёбони» тўпламида эса муаллифнинг туғилиб ўсган диёрига бўлган меҳр-муҳаббати, она заминга садоқат ҳисси акс этган.

Ижодкорнинг «The Motherland… that I love…» номли китоби унинг ижоди халқаро майдонга ҳам чиқаётганидан далолат беради. Бу китоб орқали хориждаги китобхонлар ҳам ўзбек ёшининг Ватан ҳақидаги қарашлари билан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Адабий-тадқиқий йўналишдаги ишлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. «Habib Sadulla. Poet’s life» китоби таниқли ижодкор ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлса, «Ҳабиб Саъдулла» номли хитой тилидаги нашр адабий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда.

«Abdulla Qahhor. Stories» китоби эса ўзбек адабиётининг буюк намояндаси ижодини кенгроқ аудиторияга танитиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишлаб яратилган «Ягона Ватан» тўплами эса муаллифнинг ўнинчи ижодий китоби сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу асарда Ватан равнақи, халқ бирлиги ва келажакка ишонч ғоялари устувор ўрин эгаллайди.

ИЛМ ВА АДАБИЁТ УЧРАШГАН НУҚТА

Аҳмаджон Мухторжонов фаолиятидаги энг эътиборли жиҳатлардан бири  илм ва адабиётнинг бир нуқтада учрашганидир. Профессор Адҳамжон Ҳамидов билан ҳаммуаллифликда яратилган «Қурилиш материаллари ва буюмлари» монографияси бунга ёрқин мисол бўла олади. Мазкур асар нафақат қурилиш соҳаси мутахассислари учун муҳим илмий манба, балки ёш тадқиқотчининг илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссасининг амалий ифодасидир.

Бундан ташқари, унинг 30 дан ортиқ илмий ва ижодий ишлари, мақолалари ҳамда шеърлари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган.
Бу эса Аҳмаджоннинг бир вақтнинг ўзида ҳам илмий, ҳам ижодий йўналишда изчил фаолият юритаётганини кўрсатади.

УСТОЗЛАР ДУОСИ БИЛАН…

Шарқона тарбияда устозга ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Чунки инсоннинг шаклланишида ота-онадан кейин энг катта таъсирни устозлар кўрсатади.

Аҳмаджон Мухторжонов ҳам ўз ижодий йўлида кўплаб устозларнинг меҳр ва эътиборини кўрганини миннатдорлик билан эслайди. Шоира Дилором Эргашева, Руқия Ғозиева, Носир Аббос ва Зиёвуддин Мансур каби ижодкорларнинг маслаҳатлари унинг адабий қарашлари шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Уларнинг ҳар бири ёш ижодкорга алоҳида сабоқ берган. Кимдир сўзнинг қадрини ўргатган бўлса, яна кимдир шеърнинг ички оҳангини ҳис қилишни ўргатган. Бошқа бир устоз эса ижодкор зиммасидаги масъулиятни англатган.

Бугун Аҳмаджон эришаётган натижаларда ана шу устозлар мактабининг таъсири яққол сезилиб туради.

МУТОЛАА – КАМОЛОТНИНГ ЭНГ ҚИСҚА ЙЎЛИ

Ҳар бир ижодкорнинг ички дунёси унинг ўқиган китоблари билан шаклланади. Аҳмаджон Мухторжонов ҳам мутолаани ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирган ёшлар сафидан.

У замонавий адабиёт вакилларидан Меҳриноз Аббосова, Нигора Муҳаммад ва Шаҳриёр Шавкат ижодини севиб мутолаа қилади. Ушбу ижодкорларнинг асарларидаги самимият, замонавий фикрлаш ва бадиий топилмалар ёш шоирга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Хосият Рустамова, Абдулла Орипов ва Усмон Азим ижоди унинг маънавий дунёсини бойитиб келаётган муҳим адабий мактабдир. Абдулла Ориповнинг Ватан ва миллат ҳақидаги мушоҳадалари, Усмон Азимнинг фалсафий тафаккури, Хосият Рустамованинг нозик лирикаси Аҳмаджон ижодида ҳам маълум маънода акс этади. Мутолаа унинг назарида фақат билим манбаи эмас. Бу инсоннинг дунёқарашини кенгайтирадиган, тафаккурини чархлайдиган ва янги ғоялар сари етаклайдиган маънавий кучдир.

БЕРУНИЙ СТИПЕНДИЯСИ ВА ЮКСАК ЭЪТИРОФЛАР

Ёшларнинг салоҳияти кўпинча эришган ютуқлари орқали намоён бўлади. Аҳмаджон Мухторжоновнинг фаолиятидаги эътирофлар эса унинг меҳнати ва изланишлари самарасидир.

Беруний номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлиш ёшлар учун бериладиган энг нуфузли эътирофлардан биридир. Бу мукофот фақат ўқишда юқори натижаларга эришган талабаларгагина эмас, балки илмий, ижодий ва жамоатчилик фаолиятда ҳам фаол бўлган ёшларга насиб этади.

Аҳмаджоннинг ушбу стипендияга сазовор бўлиши унинг кўп йиллик меҳнати, изланишлари ва фидойилигининг муносиб баҳосидир.
«Илҳом» мукофоти совриндори бўлиш ҳам унинг ижодий фаолиятидаги муҳим воқеалардан биридир. Ушбу мукофот ёш ижодкорнинг адабиёт соҳасидаги салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён этди.
Республика ёш ижодкорларининг анъанавий «Зомин» семинари иштирокчиси бўлиш эса унинг ижодий камолотида алоҳида ўрин тутади.

Зеро, мазкур семинар кўплаб ёш истеъдодлар учун катта адабиётга элтувчи муҳим мактаб вазифасини бажариб келмоқда. Бундан ташқари, Аҳмаджон Мухторжонов «Усмон Носир» ва «Тараққиёт бунёдкори» халқаро эсдалик нишонлари билан ҳам тақдирланган.

Эътиборлиси, 2019–2025 йиллар давомида турли танлов ва лойиҳаларда қўлга киритган мукофотларининг умумий қиймати 30 минг АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади.  Бу рақам ортида эса тинимсиз меҳнат, изланиш ва ўз устида ишлаш ётибди.

ЖАМОАТЧИЛИК ФАОЛИ СИФАТИДА

Аҳмаджон Мухторжоновнинг фаолияти фақат илм ва ижод билан чегараланиб қолмайди. Бугунги кунда у ЎзЛиДеП Учқўрғон туман Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда.

Шунингдек, ЎзЛиДеП Наманган вилояти кенгаши ҳузуридаги «Волонтёрлар клуби»га раҳбарлик қилмоқда. Мазкур фаолият орқали ёшларнинг мақсадларини тўғри белгилаши, ўз устида ишлаши ва жамият ҳаётида фаол бўлишига кўмаклашмоқда. Кўплаб тадбирларнинг сценарий муаллифи ва бошловчиси сифатида ҳам ёшлар орасида маърифат ва ташаббус тарғиботчиларидан бирига айланган.

 ЭНГ КАТТА МУКОФОТ НИМА?

Турли дипломлар, сертификатлар, стипендиялар ва мукофотлар инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Аммо Аҳмаджон Мухторжонов учун энг катта мукофот бошқа. У ота-онасининг дуосини, устозларининг ишончини ва китобхонларнинг эътирофини барча мукофотлардан устун қўяди. Шеърларини ўқиб илҳомланган ёшларнинг самимий фикрлари, китобхонларнинг миннатдорлиги ва яқинларининг ишончи унинг назарида энг катта бойликдир.

Бу қараш унинг камтарлиги ва инсоний фазилатларини намоён этади.

КЕЛАЖАККА ҚАРАТИЛГАН МАҚСАДЛАР

Аҳмаджон Мухторжонов бугунги ютуқлар билан чекланиб қолиш ниятида эмас. У қурилиш соҳаси бўйича илмий изланишларни янада чуқурлаштириш, докторантура босқичида таҳсил олиш ва халқаро илмий лойиҳаларда фаол иштирок этишни мақсад қилган.

Шу билан бирга, янги шеърий тўпламлар, илмий тадқиқотлар ва халқимиз маънавиятига хизмат қиладиган асарлар яратиш ҳам унинг устувор режаларидан бири ҳисобланади.

ҚАЛБНИ ҲАМ, МАСКАННИ ҲАМ БУНЁД ЭТАЁТГАН ЁШЛАР

Аҳмаджон Мухторжоновнинг ҳаёт йўлига назар ташлар эканмиз, бугунги Ўзбекистон ёшларининг янги қиёфасини кўрамиз. Бу қиёфа билимга интилган, ўз устида ишлайдиган, Ватан равнақини шахсий манфаатидан устун қўядиган, маънавият ва тараққиётни бир-биридан айирмайдиган авлод қиёфасидир. У қурувчи сифатида келажак масканларини бунёд этмоқда. Шоир сифатида қалбларга йўл топмоқда. Тадқиқотчи сифатида илм-фан ривожига хизмат қилмоқда. Жамоатчи сифатида эса ёшларни эзгу мақсадлар сари бирлаштирмоқда. Аслида унинг ҳаётидаги барча йўналишларни бирлаштириб турувчи ягона ғоя бор: Ватанга хизмат қилиш ғояси!

Бугун Аҳмаджон Мухторжонов бунёд этаётган иншоотлар одамларнинг ҳаётига қулайлик олиб киради. У ёзаётган шеърлар эса инсон қалбига нур олиб киради. Ана шу жиҳат унинг фаолиятини алоҳида қадрлашга асос беради. Чунки тараққиёт фақат янги бинолар билан эмас, балки юксак тафаккур, маънавият ва эзгулик билан ҳам белгиланади. Бинолар замонни безаса, адабиёт қалбларни тарбиялайди. Муҳандис жамиятнинг моддий пойдеворини мустаҳкамласа, ижодкор унинг маънавий устунларини барпо этади.

Аҳмаджон Мухторжонов эса ана шу икки улуғ вазифани бир ҳаётда мужассамлаштираётган ёшлар сафининг ёрқин вакилидир.

Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни айнан у каби ёшларга таянади. Илмни эъзозлайдиган, китобни қадрлайдиган, устозлар дуосини бошига тож қиладиган, халқ ва Ватан манфаатини ҳаёт мақсадига айлантирадиган авлод бор экан, мамлакатимиз тараққиёт йўли янада мустаҳкам, маънавий пойдевори эса янада қудратли бўлиб бораверади. Аҳмаджон Мухторжоновнинг ҳаёт йўли эса ана шу ҳақиқатнинг ёрқин тасдиғидир!

Санжарбек ҲАМИДОВ.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...