Наманган шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги йигирма биринчи сессияси ўтказилди. Унда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлашга оид масалалар муҳокама этилди.
Депутатлар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, Президентнинг Наманган шаҳридаги Халқ қабулхонаси фаолияти, 2030-йилгача мўлжалланган ривожланиш стратегияси ижроси, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботларни эшитдилар.
Шунингдек, 2026 йил биринчи чораги якунлари бўйича шаҳар бюджети ижроси, қўшимча маблағларни устувор йўналишларга йўналтириш, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” ҳамда “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилди.
Сессияда ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги вазифалар юзасидан ҳам ахборотлар тингланди.
Муҳокамалар якунида кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
