Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида жойлашган Янги Ўзбекистон массивини марказлашган иссиқлик таъминоти билан таъминлаш бўйича кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичида қуввати 25 МВт бўлган, ҳар бири 12,5 МВтдан иборат 2 та қозон ўрнатиладиган қозонхона қурилиши учун 37,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугунги кунга қадар бош пудратчи томонидан 22 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, қозонхона биноси қурилиши якунланиш арафасида. Шунингдек, 2,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоқлари тортилди.
2026 йил якунига қадар лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 6 500 хонадонли 48 та кўп қаватли уй, 3 та олий таълим муассасаси, 2 та махсус ихтисослаштирилган мактаб, 1 та соғлиқни сақлаш муассасаси ҳамда бошқа объектлар иссиқлик таъминотига уланади.
Иккинчи босқичда эса қуввати жами 60 МВт бўлган 4 та қозонга эга янги қозонхона қуриш учун республика бюджетидан 167 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, шаҳарча ҳудудидаги 240 та кўп қаватли уйда жойлашган 18 550 дан ортиқ хонадон, 6 та мактаб, 6 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та шифохона ҳамда 32 та нотурар объект замонавий иссиқлик таъминоти билан қамраб олинади.
