Гуллар барча замонлар оша доим энг яхши туҳфа, туйғулар изҳори, хонадонлар кўрки бўлиб келган. Шу маънода гуллар савдоси ва намойишини бир байрамдек ташкил этган наманганликлар қадриятларимиз сирасига яна бир гўзал анъанани киритдиларки, бугунга келиб бу анъана бутун дунё эътибори ва ҳайратига сазовор бўлмоқда. Бу йил Наманган шаҳрида 65-бор ўтказиладиган “Гуллар байрами” айни пайтда “Халқаро гуллар фестивали” мақомига эга бўлди.
Шаҳримизнинг азиз фуқаролари ва меҳмонлари! “Наманган садоси” газетасининг мухлислари. Сизларга маълумки, ўтган йили 64-“Халқаро гуллар фестивали”ни ўтказдик. Бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Аввалги гул байрамларини қандай тасаввур этасиз? Яхшиси бизни ўқиб, кузатиб боринг. Газетамизнинг ҳар бир сонида бу ҳақда асосли ҳужжатларга ҳам эга бўласиз.
“Гуллар байрами” қандай пайдо бўлган эди?
Таъкидлаш жоизки, гулчилик ҳам буюк маҳорат. Уни санъат даражасига етказган Наманган гулчилари эса ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтдилар.
Тарихий манбалардан маълумки, Наманган шаҳридаги ҳозирги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғининг кунботар томонида қадимда “Гулзор” маҳалласи бўлган. Маҳалла аҳли гулчиликнинг ҳадисини олгани учун бу маҳалла шундай номланган эди.
“Гулзор”ликлар гулоб, гул шарбати, гул қанд, гул асалини тайёрлаб сотардилар. Гулнинг барг ва илдизларидан шифобахш дамламалар ҳам тайёрлашар эди. Маҳалланинг гулчиликдаги довруғини, аввалда Наманганда бек бўлиб юрган Худоёрхон яхши билган. Шу боис у Қўқон хони бўлгач, айнан шу маҳалла ўрнида боғ яратишга қарор қилади. Боғнинг марказига мадраса ва масжид қурдириш учун айнан “Гулзор” маҳалласини танлайди. Аҳолини бошқа жойга кўчириб, бинолар бунёд эттиради.
Бироқ 1875 йилнинг октябрь ойида рус қўшинлари Наманган шаҳрига кириб, мадарса ва масжидни ўзларига қалъа сифатида танлайди. Энди бу маскандан Россия императорининг Наманган уезди бошлиғи ҳовли-боғи сифатида фойдалана бошлашади. Боғ 1920 йилда янги ташкил этилган маҳаллий большевиклар ҳокимияти ихтиёрига берилгач, бу жойнинг мазмун-моҳияти ҳам ўзгарди.
***
АТОҚЛИ ГУЛЧИ АБДУҚАҲҲОР ОТА!
…10 ёшли абжир бола Абдуқаҳҳор “Шаршара”лик деҳқон Мирзамаҳмуд ака билан 12 йил бирга хизмат қилиб, деҳқончилик сирларини ўрганди. Икки йил эса Турғунбойваччанинг остонасини обод қилиб, супурди, сув сепди, гул экди.
1930 – 1935 йилларда шаҳримиздаги “Восток” боғи, ҳозирги мусиқа билим юрти ўрнида бўлган марказий ишчилар клуби, 2- 3-пахта тозалаш заводлари гулхонасини гулшанга айлантирди.
1935-1947 йиллар орасида Пушкин номидаги маданият ва истироҳат боғининг 6 гектарлик бўстони унинг ғайрати, саботи ва шижоати билан бунёд бўлди. Наманган боғининг гўзаллик ҳикояси Москвагача бориб етди. Абдуқаҳҳор ака Москвадаги Горький номидаги марказий паркни Наманганнинг гул навлари билан безади.
1947 – 1951 йилларда Абдуқаҳҳор Жалилов Тошкент шаҳар парклар бошқармасининг бош агрономи бўлиб ишлади. Сталин, Киров, Тельман, Пушкин, “Победа” паркларини гулзорга айлантирди.
1951 йилдан эса Наманган боғининг бош агрономи бўлиб ишламоқда эди. Наманган боғида етиштирилган гуллар Янгиқўрғон, Учқўрғон, Чортоқ, Тўрақўрғон, Чуст боғларини ҳам безади. Боғнинг кўчатлари Марғилон, Фарғона, Жалолобод шаҳарлари, Тошкент шаҳридаги “Победа” боғида ҳам серҳосил бўлиб илдиз отди.
Укаси Ғофуржон Андижон боғида 20 йил гулчилик қилди. Шогирди Қозоқ Исоқов “Пахталикўл” санаторийсини, Абдусамад Абдуллаев Тўрақўрғон туманидаги колхозларни, Холмат Халилов эса Наманган туманидаги Тельман номли сабзавотчилик колхозини гул билан безатмоқда эдилар.
1953 йилда Наманган маданият ва истироҳат боғининг директори вазифасига Ҳошимжон Нурматов тайинланди. У боғда амалга оширилаётган ишларни кўрар экан, гулчилик фидойиси Абдуқаҳҳор акага меҳри товланиб кетди.
“Ишлаганни қадрлаш керак!” пичирлари у. Раҳбар 34 ёшда, агроном отахон эса “61”ни уриб қўйган. Бундайларни “халқ академиги” дейишади. Яхшиси бир “сюрприз” қилишини дилига тугиб қўйди. Атоқли гулчи Абдуқаҳҳор ака таваллудининг 65, иш фаолиятининг 50 йиллигига атаб таклифнома тайёрлатди. Тадбир 1960 йилнинг 20 августида, кеч соат 20 да боғнинг ёзги театр биносида бўлди. “Олдингдан оққан сувни қадри йўқ!” деб бекорга айтилмаган экан. Ўша кеча шаҳар раҳбарлари Абдуқаҳҳор отани янгитдан кашф этдилар.
Ҳошимжон аканинг ўтган тўрт йиллик меҳнати чарчоқлари чиқиб кетди.
Янги яратувчилик ишига сафарбар этаверди.
Абдуқаҳҳор ака бош агрономлигидаги гулчилар Москвадаги ВДНХ – бутуниттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси павильонларида ҳам мардона меҳнат қилдилар. Выставканинг кўп марта қатнашчиси сифатида кумуш ва олтин медалларига ҳам сазовор бўлди. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган агроном” унвони соҳиби бўлди. Энг муҳими кўргазмадаги маҳобатли ишчи ва деҳқон ҳайкали (“Мосфильм” заставкасида айлантириб, сўнг яқинлаштириб кўрсатилган болға кўтарган эркак ҳамда ўроқ кўтарган аёлнинг яратувчилик учун мардонавор олға интилаётган тасвири акс эттирилган ҳайкали)нинг иккинчи варианти Наманган боғида ўрнатилди.
Шунингдек, гулчиларимизнинг собиқ иттифоқ давлати марказий боғларидаги монументал ҳайкаллар нусхаси – Сталин, Киров, Тельман, Пушкин ҳайкаллари Наманган паркидан жой олди. 1961 йилга келиб боғда 18 та монументал асарлар қад ростлади.
Собиқ совет давлати ўз мафкураси асосчиларининг китоблари, уларнинг баральефи ва ҳайкалларини иттифоқдош республикалар халқлари онгига тиқиштирар ва шу асосда халқимиз дунёқарашини “ишғол” қилган эди-да…
Ушбу хотиралар мавжуд манбалар боғнинг 1960 йилги ҳисоботи ҳамда “Наманган ҳақиқати” газетасининг 1960 йил, 19 августдаги 88-сони асосида тикланди.
***
1961: БИРИНЧИ ГУЛ БАЙРАМИ
1961 йилнинг 19-20 август кунлари Наманган шаҳрида илк бор гул кўргазмаси ташкил этилади. Бу ҳақда “Наманган ҳақиқати” газетасида эълонлар чоп этилган. Боғ радиоузелида “Гул ва гуллар байрами” деган махсус эшиттиришлар ташкил этилган.
Илк “Гул кўргазмаси” – “Выставка цветов” ўтказилган 1961 йилда Наманган шаҳар ижроия қўмитаси боғни ободонлаштиришга 22 минг рубль маблағ ажратади. Бу пулга мева, полиз, сабзавот маҳсулотларини ўзида акс эттирган “Ўзбекистон ҳосили” фонтани қурилади. Боғнинг Исфархоннинг Марғилон кўчаси томони янги панжара билан ўралади. 300 та мевали ва манзарали дарахтлар экилади. 30 та скамейка, асосий кириш дарвозалари таъмирланади.
***
19 август куни боғ агрономи Абдуқаҳҳор Жалилов ташаббуси билан парк тарихида биринчи марта “Гул кўргазмаси” (Выставка цветов) ташкил этилади. Дастурда гул ишқибозларининг жонли, табиий экспонатлари намойиш этилиши керак эди. Унда 40 нафар гулчи қатнашади. Пенсионер Тукмуллаев, Абдуқодир Насриддинов, Евгений Семёнович Васильевский, Сайдуллахон Мўминов, Владимир Петрович Лопатин, Ҳалимшо Иномовларнинг номлари байрамнинг илк куни ҳурмат билан тилга олинди.
Давлат питомниги хўжалиги жамоаси 140 номдаги турли гулларни намойиш этди. Энергокомбинат, 2-пахта заводи, 3- ҳамда 20-мактаблар, сабзавотчилик совхозининг илмий-таянч пункти, “Пахталикўл” сиҳатгоҳи, 2-вилоят шифохонаси, “Ёш натуралистлар станцияси” гулчилари Мадраҳимов, Абдуллаев, Жалилов, Носиров, Каримовларнинг хизматлари тарихда қолди.
“Гул выставкаси” очилиши ва ёпилишида сўз олган “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган агроном Абдуқаҳҳор ота Жалилов боғда бош агроном бўлиб ишлар, у ўша йили 67 ёшда эди. Агроном Наманган шаҳрида бутун гулзорлар майдони 15 гектар эканлигини, гул навлари эса 800 хилдан ортиқлигини таъкидлаган эди.
Пушкин номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳисоботи, 1961 йил, директор в.б. Я. Шарипов, 1-бўлим, 19-бет, 2-бўлим, 4-бет.
***
1962: ИККИНЧИ ГУЛ БАЙРАМИ
“Шаҳримиз боғини Республикада энг гўзал масканга айлантирамиз!” шиори ўртага ташланди.
1962 йил учун шаҳар ижроқўми боғда таъмирлаш ва ободонлаштириш учун 13,4 минг рубль маблағ ажратишни режалаштирди. Боғнинг Гагарин (Навоий) кўчасидан кириш учун янги дарвоза ўрнатилди. Транспорт ҳаракати учун йўллар асфальтланди. Скамейка ва бошқа ашёлар таъмирланди. 500 туп мевали ҳамда манзарали дарахтлар экилди.
Скамейкалар етишмаслиги боғ маъмурияти учун катта ташвиш эди. Шунинг учун шаҳардаги қурилиш ва саноат корхоналари жамоалари 113 та скамейкани жамоатчилик фойдалануви учун паркка берди.
Наманган шаҳрининг бош нашри “Наманган ҳақиқати” газетасининг 1962 йил, 13 май сонида гуллар тарихи ва тақдири ҳақида қимматли маълумот босилади. Атоқли гулчилар – Эшондада Алихонов, Солихон Носиров, Йўлдош Раҳимов, Абдусамад Абдуллаев, Нуриддин Ҳамдамов, Мамажон Муродов, Йўлдош Обихонов, Абдураҳим Ғаффоров, Александра Масленникова, Рамазон Муродрасуловларнинг мурожаати босилади. Мурожаат “Наманган гул шаҳри бўлсин!” умумий сарлавҳа остида бўлиб сурат ва мақолалар чоп этилади. Хабарга кўра икки кун аввал боғда гулчилар йиғилишади. Бу йиғилишни шаҳар ижроқўми раиси Мелихон Иброҳимова очади. Наманган шаҳрининг бош раҳбари Турсунбой Рўзибоев гулчилар олдида турган муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтади.
Халқнинг хоҳиш-иродаси билан ўтказиладиган илк гуллар кўргазмаси 1962 йилдан “Гуллар байрами”га айланди. Шаҳар ижроқўми раиси, банк бошқарувчиси, парк директори ва агрономи, шаҳар маданият бўлими мудири, кўкаламзорлаштириш бўлими, ёшлар иттифоқи котиби, шаҳар савдо идораси раҳбари ҳамда газета муҳарриридан иборат комиссия таркиби тасдиқланди.
Битта биринчи ўрин учун 100 рубль, иккита иккинчи ўрин учун 50 рублдан 10 та, учинчи ўрин учун 25 рублдан, шунингдек, рағбатлантирувчи мукофотларга жами 795 рубль маблағ ажратилди.
Гул байрамининг очилиш ва ёпилиш маросими яна Мелихон Иброҳимова билан Турсунбой Рўзибоев раҳбарлигида бўлади. I даражали мукофот Тошкент бадиий санъат ўқув юрти талабаси Пўлат Жалиловга, II даражали мукофот эса боғ агрономи Абдуқаҳҳор Жалилов билан ҳаваскор гулчи, кетмон гуллар навини кўпайтираётган Абдуқодир Насриддиновларга насиб этади.
***
1963: УЧИНЧИ ГУЛ БАЙРАМИ
Муҳтарам мухлисларга изоҳ: 60-70-йиллар давомида ҳар бир вилоятда вилоят раҳбарий идораси иккита – саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашиб, икки шахс бошқаруви жорий этилганди. Қўлимда “Ўзбекистон КП Андижон саноат ва қишлоқ область комитетлари, Ўзбекистон КП Андижон шаҳар комитети меҳнаткашлар депутатлари Андижон саноат ва қишлоқ область советларининг органи “Коммунист” газетаси. Унинг 1963 йил, 25 август, якшанба кунги 169-сони. Газетада Заки Дадабоев имзосидаги “Наманганда гул байрами” сарлавҳали мақола чоп этилган. “Дилларни хушнуд этувчи гуллар Наманганнинг ҳусни-жамолини очиб турибди… 40 гектарлик гулзорларни юздан ортиқ корхона, завод-фабрика, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларининг жамоалари, гул шайдолари юксак дид билан парвариш этмоқдалар”.
Бундан кўринадики Наманган шаҳрида ўшанда гулзорлар 40 гектарга етган экан!
“Бир неча юз тувакка жойлаштирилган гул стендлари, колумбалар, вазалар, герляндлар ташкил этилди…”. (Бундан кўринадики, авваллари гул фақат туваклар ва махсус мосламаларда кўргазмага қўйилган)… Гул шайдоларидан Ҳамидхон Абдуллаев билан Абдуқодир Насриддиновлар ўз уйларидан келтирган гуллари билан даврада қатнашяптилар. Ишқибоз Абдулвоҳид Аҳадов (шоир Шўхий) Марокашга қилган туристик саёҳатида Африканинг иссиқ иқлимида ўсадиган гул калтакларини нам қумда олиб келган эди. У ўз гулларига пайванд қилиб, янги қип-қизил очиладиган гуллар навини яратди.
Гулчилик кенг жамоатчиликнинг иши бўлиб қолди. Биргина паркнинг ўзида 26 ташкилот жамоатчилик асосида гул ўстиряпти. Шаҳарнинг энг катта, бир неча километрга чўзилган магистрали – Куйбишев, сўнг Ленин проспекти, (ҳозирги Бобур шоҳкўчаси деб юритилади) гулзорга айлантирилиб, меҳнаткашлар дам оладиган жой бўлиб қолди”.
Раҳимжон ИРИСОВ,
журналист-манбашунос.
