Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги диагностика имкониятларини жорий этиш, малакали кадрлар салоҳиятини ошириш билан бир қаторда, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини мунтазам назорат қилиш устувор вазифалар ҳисобланади.
Айни шу мақсад йўлида фаолият олиб бораётган Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфида бугунги кунда 15 та тиббиёт муассасаси, жумладан, 10 та оилавий поликлиника, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, шаҳар туғруқ мажмуаси, марказий шифохона, болалар шифохонаси ҳамда сил касалликлари диспансери бўлиб, ушбу муассасалар орқали 380 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Бирлашмада 414 нафар шифокор, 1 941 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 941 нафар бошқа тиббиёт ходими меҳнат қилади. Шифокорларнинг 206 нафари малака тоифасига эга бўлиб, 137 нафари олий, 42 нафари биринчи тоифали мутахассислардир. Бу кўрсаткичлар тиббий хизматни сифатли ташкил этишда кадрлар салоҳияти муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Жорий йилда бирлашма тизимидаги шифохоналар ва оилавий поликлиникаларда аҳолига амбулатор ҳамда стационар тиббий хизмат кўрсатиш ишлари янада яхшиланди. Даволаш-профилактика муассасаларида 9 ой давомида 11 864 нафар бемор амбулатор, 37 190 нафар бемор стационар шароитда даволанди. Ўтган йилга нисбатан умумий мурожаат ва даволаниш кўрсаткичи 7 844 тага камайди. Жумладан, стационар даволаниш 9 485 тага қисқарган бўлса, амбулатор мурожаатлар 1 641 тага ошган. Бу ҳолатни айрим касалликлар эрта аниқланаётгани ва беморларни амбулатор шароитда даволаш имкониятлари кенгайиб бораётгани билан изоҳлашимиз мумкин.
Тиббий хизмат сифатини оширишда замонавий диагностика ускуналарининг аҳамияти катта. Шу мақсадда шаҳар марказий шифохонасининг диагностика имкониятлари кенгайтирилиб, бўлимлар бронхоскоп, электроэнцефалография ва колоноскопия ускуналари ҳамда бошқа замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Натижада аҳоли мазкур текширувлардан давлат тиббиёт муассасасининг ўзида ўтиш имкониятига эга бўлди. Илгари бундай диагностика учун хусусий клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган беморлар энди ортиқча сарф-харажат ва оворагарчиликсиз зарур текширувлардан ўтишяпти.
Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган маъқул. Шунинг учун бирлашма фаолиятида профилактик кўриклар ва скрининг тадбирларига алоҳида урғу берилмоқда. Жорий йилда 92 062 нафар аҳоли режали профилактик тиббий кўриклардан ўтказилди. Скрининг тадбирлари етти йўналишда ташкил этилиб, текширувлар давомида аниқланган касаллик аломатлари бўйича фуқаролар тор соҳа мутахассисларига йўналтирилди, улар учун зарур даволаш ва кузатув режалари белгиланди.
Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида 92 498 нафар туғиш ёшидаги аёл чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Саломатлигида муаммолар аниқланган аёлларнинг 15 659 нафари соғломлаштирилди. Шунингдек, кўп тармоқли марказий поликлиникада 10 210 нафар ҳомиладор аёл ультратовуш текширувидан ўтказилиб, ҳомиланинг ривожланиши ва ҳолати мутахассислар томонидан баҳоланди. Зарур ҳолларда тавсиялар берилиб, даволаш ва кейинги кузатув чоралари белгиланди.
Тиббиёт муассасаларидаги шароитни яхшилаш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш ҳам эътибор марказида. Жумладан, ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида 3-оилавий поликлиника 1 миллиард 325 миллион сўм маблағ ғолиби бўлиб, муассаса тўлиқ замонавийлаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сонли фармони ижроси доирасида бирлашма тасарруфидаги 14 та муассасанинг ҳолати хатловдан ўтказилди. “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” ва “Тоза қўллар” дастурлари асосида уларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан, тўртта муассасада ёритиш тизими, учтасида деворлар, учтасида эшиклар ва ахборот элементлари, яна учтасида йўлаклар таъмирланди.
Тиббиёт тизимида рақамлаштиришни жадаллаштириш мақсадида бир қатор поликлиникалар ва марказий поликлиника янги компьютер ҳамда моноблоклар билан таъминланди. Бу эса тиббий маълумотларни электрон шаклда юритиш, беморлар ҳақидаги маълумотлар алмашинувини тезлаштириш ва қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилмоқда. Муассасаларнинг кутиш хоналарида ўриндиқлар кўпайтирилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар, ёш болали оналар ва кекса фуқаролар учун алоҳида қулайликлар яратилди.
Беморлар учун ортиқча оворагарчиликни камайтириш мақсадида марказий шифохона билан оилавий поликлиникалар ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Энди беморнинг оилавий поликлиникада топширган лаборатория таҳлиллари натижалари DMED электрон тизими орқали шифохонага юборилади. Бунинг учун қоғоз шаклида йўлланма олиб бориш зарурати камайиб, тиббий маълумотларни тезкор қабул қилиш имконияти кенгаймоқда.
Тиббиётдаги ислоҳотлар, аввало, малакали ва ташаббускор кадрлар билан чамбарчас боғлиқ. Бирлашмада 67 нафар ёш шифокор фаолият юритмоқда. Уларнинг касбий маҳоратини ошириш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида устоз-шогирд анъаналарига алоҳида эътибор қаратилган. Қатор қонун ҳужжатлари доирасида янги иш бошлаган шифокорларни қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча иш ҳақи тўловларини белгилаш чоралари ҳам кўзда тутилган.
Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида малака ошириши режалаштирилган 41 нафар шифокорнинг 36 нафари белгиланган ўқув курсларини тамомлади. Ўрта тиббиёт ходимларидан малака ошириши режалаштирилган 328 нафар ҳамширанинг 320 нафари ҳам ўқишда иштирок этди. Йил якунига қадар режадаги кўрсаткичларни бажариш ва ошириб бажариш мақсад қилинган.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ҳам очиқлик ва манзилли ёндашувга устувор аҳамият берилмоқда. Фуқаролардан келиб тушган ҳар бир мурожаат тегишли мутахассислар иштирокида, мурожаатчи билан бевосита мулоқот асосида ўрганилади. Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳолини қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шаҳар марказий шифохонасининг жарроҳлик бўлимида ҳам юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликда мураккаб амалиётлар ўтказилмоқда. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урологлари билан ҳамкорликда тўққиз нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Бундай ҳамкорлик аҳолига юқори малакали тиббий ёрдамни ўз ҳудудида олиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бирлашма тизимида фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар орасида ўсмирлар шифокори Ҳошимжон Алиханов, кўп тармоқли марказий поликлиника раҳбари Мушарраф Собирова, терапевтлар Малика Жакбарова, Малоҳат Қирғизбаева, невролог Комилжон Асқаров каби фидойи тиббиёт ходимлари бор.
Албатта, амалга оширилаётган ишлар билан бирга, олдинда турган вазифалар ҳам талайгина. Жумладан, 2027 йилда Инвестиция дастури доирасида 4-оилавий поликлиника биносини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бу каби лойиҳалар тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, аҳолига яқин ва қулай тиббий хизматни ташкил этишга қаратилган.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан жамоамиз номидан табриклайман. Шифокорлик — нафақат касб, балки юксак масъулият, сабр-тоқат ва инсонпарварликни талаб этадиган шарафли фаолиятдир. Мана шундай эзгу йўлда хизмат қилаётган тиббиёт соҳаси вакилларига сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва касбий муваффақиятлар ҳамроҳ бўлсин!
