Наманган шаҳридаги «Олвализор» маҳалласида ҳудудни «оғир тоифа»дан чиқариш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Янгиланишлар йўл-транспорт ва электр инфратузилмасини мустаҳкамлаш, маҳаллада яшаш шароитини яхшилашга қаратилган.
Режага мувофиқ 3,5 километр ички йўл асфалтланади. Электр таъминотини барқарорлаштириш учун янги трансформатор ўрнатилиб, 3,9 километр электр тармоғи янгиланади, 140 та бетон электр таянчи ўрнатилади. Қурилиш-монтаж ишларини «Prom Strogen» МЧЖ бажармоқда.
Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камoлов бошчилигидаги ишчи гуруҳ қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди. Ишлар сифати, белгиланган муддатларга риоя этилиши ва ҳар бир объектни ўз вақтида фойдаланишга топшириш масалалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқотда маҳалла аҳолисининг таклиф ва мурожаатлари эшитилиб, кўтарилган масалаларни ҳал этиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Янгиланишлар якунлангач, маҳалланинг транспорт ва электр инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланади. Бу аҳоли турмуши учун қулайликларни ошириш, ҳудуднинг обод қиёфасини шакллантириш ва «Олвализор» маҳалласини «оғир тоифа»даги ҳудудлар рўйхатидан чиқариш учун асос бўлади.
