Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, БМТ Тараққиёт дастурининг «Марказий Осиёда табиий офатлар хавфи ва иқлим ўзгаришига шаҳарларнинг чидамлилигини ошириш» лойиҳаси мутахассислари ҳамда шаҳар ҳокимлигининг тегишли масъуллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида 2025-йил давомида лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, 2026-йил учун устувор вазифалар аниқ белгилаб олиниб, келгусидаги фаолият йўналишлари мувофиқлаштирилди.
Учрашувда Наманган шаҳрида жорий этилиши режалаштирилаётган инновацион ташаббуслар ва пилот лойиҳалар ҳам кенг муҳокама қилинди. Хусусан, шаҳар инфратузилмасини иқлим ўзгаришига мослаштириш, табиий офатларга тезкор жавоб бериш тизимларини такомиллаштириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс чоралар муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Йиғилиш якунида шаҳар ҳокими томонидан лойиҳаларни самарали амалга оширишда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, Япониянинг табиий офатларга тайёргарлик, уларни бошқариш ва шаҳар барқарорлигини таъминлаш борасидаги илғор амалиётларини жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
