Наманган вилоятида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят статистика бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Санжарбек Мелихўжаев ушбу жараённинг бориши ва ҳудуддаги тайёргарлик юзасидан маълумот берди.
Рўйхатга олиш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида турли мутахассислардан иборат штаб ва унинг хузурида, колсентр ташкил этилган. Шунингдек, маҳаллалар кесимида масъуллар гуруҳи тузилган. Фуқаролар саволларига тезкор жавоб қайтариш хизматлари ҳам йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, вилоят аҳолиси 3 млн. 177 минг нафардан ошган. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш мамлакат тараққиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Президент Фармонига мувофиқ бу жараён 2026 йил 15 январдан 28 февралгача икки босқичда амалга оширилади: онлайн рўйхатдан ўтиш, уйма-уй юриб маълумот тўплаш.
Рўйхатга олиш орқали демография, ижтимоий эҳтиёжлар, меҳнат бозори, яшаш шароити ва аграр ресурслар ҳақида аниқ маълумотлар базаси шакллантирилади. Бу эса давлат дастурлари ва ҳудудий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишга муҳим асос бўлади.
Тайёргарлик доирасида 4507 нафар маҳалла фаоллар – еттилиги сафарбар этилган. Уларнинг вазифаси рўйхатга олувчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Шунингдек, аҳолини хабардор қилиш бўйича тарғибот ишлари кенг йўлга қўйилган – баннерлар, буклетлар, аудио ва видео материаллар тарқатилмоқда, таниқли инсонлар иштирокида чиқишлар тайёрланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги томонидан фаол иштирокчиларни рағбатлантириш учун маблағ ажратилган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига тўлақонли жавоб олдилар.
