ДЎСТЛИКНИ ЯНГИЛАГАН ТАРИХ: БУДАПЕШТ САММИТИ ВА УНИНГ МАЪНАВИЙ ТАРОВАТИ

Postni ulashish:

Венгер халқининг юртимиз тарихи билан боғлиқ илиқ таассуротини дастлаб таниқли можар олими Ҳерман Вамбери қаламига мансуб “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” номли китоб мутолааси орқали сезгандим. Мустақиллик арафасида ўзбек тилига таржима қилинган мазкур китоб ҳозир ҳам кутубхоналаримизда мавжуд. Тўғри унинг шахсияти, фаолиятига ёндашувлар турлича, лекин Ватанимиз тарихи ҳақидаги оврўпалик олим томонидан ёзилган ва ўз таассуротларини самимий ва ҳаққоний ёритилган ҳар қайси манба биз учун қимматлидир. Қолаверса Ҳерман Вамбери можар халқи қадим илдизларини туркийлар яшаган ва яшаётган заминдан излагани ҳам бор гап.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга сафари бош вазир Виктор Орбан, Миллий мажлис спикери Ласло Кёвер ва венгер ишбилармонлари билан учрашувлари, Туркий тилли давлатлар ташкилотининг Будапештда ўтказилган норасмий саммитида иштирок этиши ва сўзлаган нутқи ҳақида мулоҳаза ёзиш асносида юқорида номи тилга олинган китоб ҳаёлимда жонланди.

Халқимизнинг “Султон суягини хор қилмас” деган қулоққа сал ғалатироқ эшитиладиган бироқ замирида улкан ҳақиқат мужассам бўлган пурмаъно нақлини кўпчилик яхши билади. Икки мамлакат етакчиларининг ўзаро мулоқотлари, келишувлари ва келажак режалари шу қадар самимий кечдики беихтиёр шу нақл ёдимга тушди. Давлатимиз раҳбарига нисбатан кўрсатилган юксак эҳтиром, айни чоғда Виктор Орбаннинг қон-қардош биродар сифатида юртимизга таклиф этилиши икки халқни азалий ришталар боғлаб турганининг ёрқин намунаси бўлди.

Албатта, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда венгер ишбилармонлари томонидан киритилаётган инвестицияларнинг аҳамияти беқиёс. Аммо унутмайликки иқтисодиёт соҳасига тааллуқли ҳамкорликнинг ҳозирги юқори даражаси аслида ўзбек ва венгер халқларининг қадим муштарак илдизлари билан чамбарчас алоқадордир.

Ўзбекистон-Венгрия муносабатларида янги босқич: стратегик шериклик ва инвестициявий салоҳиятни рўёбга чиқариш

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатда фаол интеграциялашув ва хорижий ҳамкорлар билан барқарор алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётган мамлакат сифатида майдонга чиқмоқда. Шу жараёнда биродар Можаристон билан муносабатлар янги босқичга кўтарилаётгани диққатга сазовор. Тарихий ташриф чоғида муҳокама қилинган ва амалга оширилиши режалаштирилган масалалар икки мамлакат стратегик шериклигининг кенгайиб бораётганини яққол намоён этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 500 миллион долларни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, янги 1,5 миллиард евролик лойиҳаларнинг тайёрлангани инвестицион ҳамкорликнинг жиддий даражада кенгайишини англатади. Бу рақамлар нафақат иқтисодий алоқаларнинг ўсишини, балки Венгрия бизнес доираларининг Ўзбекистон бозорига бўлган ишончи ошиб бораётганини кўрсатади.

Венгриянинг етакчи муассасаларидан бири — “OTP” банкининг юртимиз молия бозорига кириб келиши ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Бу нафақат банк секторида рақобатни кучайтиради, балки Венгрия ва Европа бизнеси учун янги эшиклар очади. Автокредитлаш тизимини ривожлантириш ва қўшма компания ташкил этиш каби ташаббуслар мамлакатда молиявий хизматларнинг янги босқичга кўтарилишига туртки беради. Бу каби муҳим йўналишлардаги янги лойиҳаларнинг бири иккинчисига чамбарчас боғланади. Саноат ва инфратузилма соҳаларида кенг қамровли келишувларга эришилгани янги тармоқларга жон киритади.

Сирдарё вилоятида паррандачилик кластерининг фаол равишда ташкил этилаётгани аграр соҳадаги ҳамкорликнинг янги модели сифатида қаралиши мумкин. Шу билан бирга, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, логистика марказлари ва автомагистраллар қуриш каби лойиҳалар ҳам инвестиция фаолияти учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.

Қурилиш материаллари, тўқимачилик, кимёвий маҳсулотлар, фармацевтика, рақамли технологиялар ва балиқчилик соҳаларида ҳам янги қўшма лойиҳалар режалаштирилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг диверсификация қилинган саноат салоҳиятини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Аҳамиятли жиҳатлардан яна бири — Венгриянинг “Inpark” саноат зонаси оператори орқали Европа компаниялари учун Ўзбекистонда махсус саноат зонасининг ташкил этилаётганидир. Бу нафақат янги иш ўринлари яратилиши, балки замонавий технологияларни жалб қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар бугун янги сифат босқичига кўтарилди. Инвестиция, молия, саноат, аграр ва рақамли технологиялар каби соҳаларда амалга оширилаётган ҳамкорлик нафақат икки давлат иқтисодиёти учун, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим намуна бўлиб хизмат қилиши айни ҳақиқат. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар доимий муваффақият билан давом этса, Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари яқин келажакда стратегик иттифоқчилик сари яқинлашиб бораверади.

Туркий ҳамкорликда янги саҳифа

Тобора глобаллашиб бораётган дунё тамаддунида тарих ва маданият борасидаги бирлик ҳамда яқинлик стратегик шекрилик, абадий дўстлик, қардошлик, қўшничиликнинг асоси сифатида қаралмоқда. Шу маънода ўтган йилнинг октябрь ойида Лакетелик шаҳрида ҳазрат Алишер Навоийнинг бюсти ўрнатишилиши, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўзбек тилида нашр этилган 100 жилддан иборат “Туркий адабиётлар дурдоналари”нинг 100-жилди венгер адабиётига бағишлангани, ажойиб венгер адиби Шандор Петёфи асарлари Рустам Мусурмон томонидан ўзбек тилига ўгирлиши ва “Озодлик” номи остида чоп этилиши, Тошкент ҳамда Будапешт шаҳарларида мазкур китобнинг тақдимотлари ўтказилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мулоҳазаларимиз аввалида Ҳерман Вамбери ва унинг машҳур асарини бежиз тилга олмадик. Зеро, тор доирадаги мутахассисларни хисобламаганда ҳар икки халқнинг оддий аҳолиси бир-бирларининг тарихларини, қадим муштарак илдизларга алоқадор маълумотларни яхши билишмайди. Демоқчимизки ўзбек ва венгер адабий алоқалари, маданиятларнинг яқинлашувига энди-энди тамал тоши қўйилмоқда. Аниқроғи миллатдошимиз Мулла Исҳоқ ва Ҳерман Вамберининг дўстлиги мисолида 19 асрда ниш урган анъана орадан бир ярим аср ўтгач қайта кўз очмоқда. Юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки юртимизда Венгрия олий ўқув юртларининг очилиши, икки дўст давлат томонидан тан олинадиган дипломлар бериш тизимини яратиш, шунингдек, энг қувонарлиси пойтахтимизда Туркий давлатлар халқаро университетининг ташкилланиши аждодларимиз орзу қилган ўзаро ҳамкорлик ва дўстликни янги босқичига кўтаради.  

Бу эса Туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларда янги ва сифат жиҳатидан муҳим йўналиш — “таълим дипломатияси”нинг шаклланаётганидан дарак беради.

Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ўртасида савдо, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик анъанавий равишда устувор бўлиб келган бўлса, сўнгги йилларда таълим ва илм-фан соҳаларидаги яқинлашув миллий манфаатлар билан чамбарчас боғлиқ тарзда ривожланмоқда. Бу тенденцияни Ўзбекистон раҳбариятининг ташаббуслари, жумладан, Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университетини очиш таклифи халқаро ҳамкорлик йўлидаги дадил амалий қадамдир.

Туркий давлатлар халқаро университети наfaqat таълим муассасаси, балки туркий мамлакатлар ўртасидаги маданий ва илмiy алмашинув, илм-фан ривожи ва ёшлар салоҳиятини юксалтиришнинг стратегик платформасига айланади.

Мана шундай юксак ташаббус орқали Ўзбекистон туркий дунёда таълим ва маданият марказларидан бири сифатида ўз нуфузини мустаҳкамлайди.

Университет маданий интеграция нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Туркий халқлар тарихи, тили, адабиёти ва анъаналари бўйича ўқув дастурлари туркий ўзликни сақлаш ва тараққий эттиришда муҳим ўрин тутади. Бу эса ёш авлодда умумий тарих ва келажак учун масъулият ҳиссини оширади.

Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши — бу шунчаки янги таълим муассасаси эмас, балки туркий халқлар ўртасидаги бирдамлик, ўзаро ишонч ва келажакка қаратилган стратегик шерикликнинг рамзидир. Ўзбекистон бу ташаббус орқали нафақат ўз миллий манфаатларини илгари сурмоқда, балки барча туркий давлатлар учун умумий интеллектуал майдон яратишга йўл очмоқда. Таълим орқали бирдамлик, фан орқали тараққиёт — бугунги куннинг долзарб шиори сифатида келажакка ишонч уйғотмоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,
«Наманган садоси» газетаси бош муҳаррири

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...