Наманган шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси тақдим этилди.
Давлатобод туманидаги Вилоят вазиятларни бошқариш марказида ўтказилган тақдимотда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, транспорт, йўл ҳаракати хавфсизлиги, автомобиль йўллари соҳаси масъуллари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Бош режани ишлаб чиқишда шаҳардаги транспорт оқимлари ва асосий чорраҳалардаги ҳаракат интенсивлиги рақамли технологиялар асосида таҳлил қилинди. Аҳолининг транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжлари ҳам ўрганилди.
Шу асосда шаҳар бўйлаб 27 та янги жамоат транспорт йўналишини ташкил этиш таклиф қилинди.
Режада пиёда ва велосипед йўлаклари, янги йўл ўтказгичлар ва туннеллар барпо этиш, шунингдек, пиёдалар учун хавфсиз ўтиш жойларини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.
Йиғилишда Бош режада белгиланган лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, транспорт оқимларини самарали бошқариш ва жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш вазифалари белгилаб олинди.
