Электр таъминотида рақамли бошқарув

Postni ulashish:

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида рақамлаштириш жараёнлари жадаллашиб борар экан, инфратузилма соҳаларида, хусусан электр таъминотида замонавий бошқарув ёндашувларига эҳтиёж тобора ортмоқда. Аҳоли ва саноатнинг узлуксиз энергия билан таъминланиши нафақат техник имкониятларга, балки бошқарувнинг қанчалик тезкор ва аниқ йўлга қўйилганига ҳам бевосита боғлиқ.

Наманган шаҳар Марказ электр таъминотида жорий этилаётган «AI Raxbar – markaziy boshqaruv panel» лойиҳаси соҳада сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берувчи амалий ечим сифатида эътибор қозонмоқда. Мазкур лойиҳа электр тармоқларидаги мавжуд ҳолатни реал вақт режимида кузатиш, таҳлил қилиш ва бошқарув қарорларини маълумотларга асосланган ҳолда қабул қилиш имконини яратишга қаратилган.

Лойиҳанинг асосий мазмуни турли манбалардан келаётган маълумотларни ягона платформага жамлаб, уларни қулай ва тушунарли кўринишда акс эттиришдан иборат. Тизим орқали мурожаатлар, халокатли ҳолатлар, трансформатор пунктлари, бригадалар фаолияти ҳамда ҳудудлар кесимидаги муаммолар ягона бошқарув панелида жамланади. Бу эса умумий ҳисоботлар билан чекланиб қолмасдан, вазиятни ҳудуд, тармоқ ёки алоҳида трансформатор пункти даражасида чуқур таҳлил имконини беради.

Айни пайтда лойиҳа пилот режимида фаолият юритмоқда. Тизимга диспетчерлик маълумотлари, жойларда бажарилган ишлар, электр тармоғидаги носозлик, режалаштирилган техник тадбирлар ҳамда ҳудудий кесимдаги кўрсаткичлар мунтазам киритилиб, улар харита ва замонавий маълумотлар панели орқали таҳлил қилинмоқда. Натижада кунлик тезкор ҳолат юзасидан аниқ тасаввур шаклланмоқда, қайси ҳудудда мурожаатлар сони ортиб бораётгани, қайси тармоқларда носозликлар такрорланаётгани ёки қайси трансформатор пунктлари алоҳида эътибор талаб қилаётгани зудлик билан аниқланмоқда.

– Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, у муаммони фақат содир бўлгач қайд этиш билан чекланмайди, – дейди Наманган шаҳар Марказ электр таъминоти бошлиғи Абдулбосит Исмоилов. – Аксинча, тизимни кейинги босқичларда янада кенгайтириш орқали муаммоларни олдиндан прогнозлаш имкониятини яратиш кўзда тутилган. Хусусан, ASKUE маълумотлари, трансформатор юкламаси, истеъмол динамикаси, қарздорлик кўрсаткичлари ва техник кўрик натижаларини интеграция қилиш режалаштирилган. Бу эса тармоқлардаги эҳтимолий авария хавфини олдиндан аниқлаш, юклама ортиб бораётган ҳудудларни белгилаш ҳамда профилактик чораларни ўз вақтида кўриш имконини беради.

«AI Raxbar» консепсиясининг яна бир муҳим жиҳати сунъий интеллектнинг тўғри талқин этилишидадир. Тизим инсон омилини четлаб ўтмайди, аксинча, раҳбар фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади. Катта ҳажмдаги маълумотларни тизимлаштириш, такрорланаётган муаммоларни ажратиб кўрсатиш ва хавфли нуқталарни аниқлаш орқали у қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради ва аниқроқ қилади.

Босқичма-босқич ривожлантирилаётган лойиҳа дастлаб маълумотларни йиғиш ва визуализация қилишга йўналтирилган бўлса, кейинги босқичларда чуқур таҳлил ва прогнозлаш функцияларини қамраб олади. Натижада электр таъминоти тизимида муаммо юзага келгач уни бартараф этишга қаратилган анъанавий ёндашувдан воз кечилиб, носозликларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий бошқарув тизимига ўтиш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, «AI Raxbar» лойиҳаси электр таъминоти соҳасида бошқарув маданиятини янги босқичга олиб чиқади. Хизмат сифати ошади. Авария ҳолатлари камаяди.Тармоқлар ҳолати янада чуқур таҳлил қилинади. Энг муҳими истеъмолчиларга барқарор ҳамда сифатли электр энергияси етказиб берилади.


Санжарбек ҲАМИДОВ.

Javob qoldiring:

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting

Aloqador maqolalar

Сессия бўлиб ўтди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг навбатдаги XXIV сессияси бўлиб ўтди. Сессияда дастлаб шаҳар прокуратурасининг 2026-йилнинг учинчи чорагида қонунийликни мустаҳкамлаш...

Ҳаёти асраб қолинганлар дуосида яшайсиз, доктор!

Тиббиёт фанлари номзоди, Соғлиқни сақлаш аълочиси Тошпўлат Абдукаримов. У — нафақат Наманган вилояти, балки водий тиббиётидаги энг моҳир...

Баҳодир РАҲИМОВ, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари:“ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ — ИНСОН САЛОМАТЛИГИДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА”

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолига қулай ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида...

Хўжа амин мақбараси

Наманган шаҳрининг Чорсу ҳудуди яқинида меъморий ёдгорлик –Хўжа Амин мақбараси жойлашган. Мақбара XVIII асрнинг иккинчи ярмида, Наманган Фарғона...