Мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини жойида ўрганиш орқали иқтисодий фаолликни янада кучайтириш мақсад қилинган.
Шу доирада Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Ойдинкўл савдо-сервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ўрганилди. Мазкур корхонада ҳозирги кунда 17 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган бўлиб, ходимларнинг ойлик иш ҳақи 3 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача этиб белгиланган.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган ипак маҳсулотлари Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинмоқда, қолган қисми эса ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган. Бу эса корхонанинг ташқи савдо салоҳияти мавжуд эканини кўрсатади.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов тадбиркор фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқариш жараёни, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганди. Учрашув давомида экспорт географиясини кенгайтириш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва корхона фаолиятини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш якунлари бўйича тадбиркорга зарур амалий кўмак кўрсатиш, экспорт йўналишларини кенгайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
