Наманган шаҳрида шаҳарсозлик ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Амалдаги бош режага мувофиқ марказий кўчаларни замонавий талаблар асосида қайта қуриш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда транспорт оқимини самарали ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Жумладан, Уйчи кўчасида олиб борилаётган реновация ишлари доирасида кўчанинг архитектура қиёфаси янгиланиб, уни кенгайтириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг иккинчи босқичида 1,2 километр масофада 16 та кўп қаватли турар-жой ҳамда 2 та нотурар бино-иншоот қурилиши режалаштирилган. Ушбу ҳудудда шаҳар кўркига мос келмайдиган 66 та эски иморат ўрнида замонавий, муҳандислик-коммуникациялари билан таъминланган янги бинолар барпо этилади.
Шу билан бирга, шаҳар марказидаги ҳаракат зичлигини камайтириш мақсадида йирик савдо масканлари ва бозорлар атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш ҳам режалаштирилган. Хусусан, «Чорсу даҳаси» ва «Сардоба» бозори ҳудудларида ана шундай иншоотларни барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда «Жаҳон бозори» ҳудудида 400 та автомобил сиғимига эга бўлган кўп қаватли автотураргоҳ қурилиши якунига етмоқда. Қарийб 1,5 гектар майдонни қамраб олган мазкур иншоот автомобилларни ихчам ҳудудда жойлаштириш имконини бериб, бозор атрофидаги тирбандликларни сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, кўп қаватли турар-жойлар ва автотураргоҳлар қурилиши шаҳар инфратузилмасини замонавий талабларга мослаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ҳамда аҳоли учун янада қулай муҳитни яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби лойиҳалар вилоят марказининг узоқ муддатли ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
