Оиласида ҳаловат топган аёл қанчалар бахтли-а?! Ҳам оилада, ҳам касбда қадр топган аёлни икки карра бахтли десак, муболаға бўлмаса керак. Яна бир гап: аёлларга хос касб-корда фидойилик кўрсатаётган хотин-қизларнинг шижоати, садоқати ҳавасимизни келтирса, эркакларга хос ишларни ҳам уддалаётган аёллар ҳайратимизга сабаб бўладилар…
Наимахон ҳақида эшитганлар унга ҳавас ва ҳайрат кўзи билан боқишади. Чунки Наманган шаҳрининг қоқ марказидаги маҳаллада туғилиб-ўсган қизнинг юқори кучланишли электр станциясида монтёр бўлиб ишлаши чиндан ҳам ҳайратланарли ҳол. Яна оз эмас, кўп эмас – йигирма олти йилдан буён!
Қаҳрамонимиз Наимахон Инамова шаҳардаги 7-мактабни тугатганида, ўз олдига иқтисодчи ёки ҳисобчи бўлиш мақсадини қўйган эди. Лекин отаси Юсуфжон ака уни ўз изидан боришга ундади. Бизнинг оилаларда қизлар шуурига ота розилиги ҳар нарсадан муҳим дея сингдирилганиданми ёки отасининг “Энергетика – муттасил тараққий этиб борадиган, доим эҳтиёж сезиладиган соҳа, шу соҳага доир мутахассисликни эгалласанг, кам бўлмайсан”, деган сўзларига ишонганиданми, ҳужжатларини Наманган индустриал техникумига топширди. 2000 йилда электромонтёр сифатида мутахассислик дипломини қўлига олгач, вилоят электр тармоқлари корхонасида иш бошлади.
Бу соҳа жуда нозик ва мураккаб эканини талабалик давридаёқ англаган эди. Бу тасаввурларини тажриба билан уйғунлашишида устозлари –Отамирза Солибаев ҳамда Баҳромжон Турсуновларнинг хизмати, жонкуярлиги, ҳиссаси катта бўлди. Содда қилиб айтганда, Наимахон ишининг сир-асрорини, китобларда келтирилмаган билимларни улардан ўрганди. Интизомда, ишга масъулият билан ёндашишда ҳам устозлари ўгитига амал қилди.
Бугун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиали Диспетчерлик ва технологик бошқарув воситалари хизмати электромонтёри Наимахон Инамова – жамоада фаолият юритаётган ягона аёл ходима. Унинг иш жойи – Давлатобод туманининг Қўқимбой шоҳкўчасида жойлашган 220/110/10 киловольт кучланишли “Сардор” подстанциясида. Бу ҳайбатли ҳудудда ишлаб чиқарилган электр энергияси вилоят ҳудудига тақсимлаб берилади. Махсус қурилмалар “тили”ни яхши биладиган Наимахоннинг вазифаси подстанцияда қайсидир тармоқни ўчириш ёки ёқиш лозим бўлганида диспетчерлар билан тезкор алоқани таъминлаб беришдан иборат.
- 6-разрядли электромонтёр Наимахон Инамова 26 йилдан буён мураккаб, залворли касбнинг машаққатларига дош берибгина қолмасдан, уни эъзозлаб келаётган ҳамкасбларимиздан бири, – дейди филиал муҳандиси Дилшод Тошпўлатов. – У бўлимда ягона аёл ходима. Одоби, интизомлилиги, ишига садоқати, ҳамкасбларга хушмуомаласи билан жамоанинг ҳурматига сазовор бўлган. Наимахон Инамованинг вазифаси жуда нозик. Радиорелели, телемеханика, юқори частотали ҳамда шиша толали алоқалар, бундан ташқари, АТС қурилмаларининг мунтазам ишлаши учун масъул. Мутахассислиги бўйича кучли билим, тажрибага эга, замонавий ахборот технологиялари бўйича ҳам тушунчаси бой. Соҳадаги ислоҳотлар моҳиятини чуқур англайди. Кўп йиллик сидқидил меҳнатлари боис ўтган йили “Энергетика фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, муҳандис таъкидлаганидек, мамлакатимиз энергетика соҳаси сўнгги йилларда жадаллик билан тараққий этмоқда. Ислоҳотлар натижасида тизимда жуда катта ўзгаришлар рўй бераяпти. Жумладан, яқин йиллар ичида “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиалида ҳам эски алоқа қурилмалари ўрнига янгилари ўрнатилди. Мутахассислар малакаси ҳам мунтазам ошириб бориляпти.
- Касбимни жуда яхши кўраман, – дейди Наимахон биз билан суҳбатда. – Ҳар куни иш жойимга дарвозадан ичкари кириб келар эканман, дадамнинг дуоларини, устозим Солижон Тошбоевнинг “Дарахт бир жойда кўкаради” деган сўзларини эслайман, улардан куч оламан. Тўй ёки бошқа давраларда кимдир қаерда ишлашим ҳақида сўраса, фахр билан электромонтёрман деб айтаман. Ажабланишади, албатта. Нега эркаклар ишлайдиган касбни танлагансиз, дейишади. Мен яна ғурур билан отам изидан бораётганим, шу касбда бахт, қадр, ҳурмат топганимни таъкидлайман.
Наимахон билан суҳбатлашиб, зерикмайсиз. Рус тилини мукаммал билиши, кўп китоб ўқиши, дунёқарашининг кенглиги суҳбатдошга ҳузур бағишлади. Оиласини ниҳоятда қадрлаши шундоқ сезилиб туради. Уни тушуниб, эҳтиётлаб келаётган умр йўлдоши Жамолхон Инамов, фарзандлари Юлдузхон, Саидахон, Жавоҳирлар ва набираси ҳақида гапирганида, чақноқ нигоҳларида бахт ёлқинланади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Наимахон – энергетиклар сулоласининг вакили. Отаси Юсуфжон Инамов қирқ йилга яқин вақт вилоят электр тармоқлари корхонасида муҳандис-электрик бўлиб ишлаган. Бугун 73 ёшда, кексалик гаштини сураётган ота қизи Наимахон билан бирга икки ўғли – олий маълумотли энергетиклар Акмалжон ва Акрамжон Инамовларнинг ҳам шу соҳада ўрин топганларидан, эл-юрт хизматида эканликларидан хурсанд бўлади.
Ҳа, ота дуоси, розилигида фарзандлар учун беқиёс ҳикмату хайрлар бор.
- Биз тўрт фарзанднинг камолида онажонимизнинг ҳам хизматлари катта бўлган, – дея сўзида давом этади қаҳрамонимиз. – Волидамиз Заҳрохон Хоназарова тарбиячилик касбида узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққанлар. Наргизахон опам педагог, шаҳардаги 42-мактабнинг олий тоифаси тарих фани ўқитувчиси. Ота-онамиз болаликдан бизнинг ўқишимиз, юриш-туришимизга эътиборли бўлиб, келажак мақсадларимизни тўғри йўналтирдилар. Бу бизнинг бугунги касбий ва ҳаётий ютуқларимизга замин яратди.
Гапнинг очиғи, Наимахон билан суҳбатлашишдан аввал у ҳақдаги тасаввурим бошқачароқ эди. Эркакларга хос феъл-атворга эга аёл билан юзма-юз келсам керак, деб ўйлагандим. Йўқ, самимий, очиқ, хушмуомала, аёллик латофати, ҳаётдан завқ олиши кўнгилга илиқлик соладиган қаҳрамон сифатида таассурот қолдирди менда. Зиёли оилага келин бўлиб тушганини, қайнота-қайнонаси Неъматжон ака ва Онахон аяларнинг меҳрибонлигини, турмуш ўртоғининг ишончини, касбига бўлган меҳрини шу қадар миннатдорлик билан сўзладики, чин маънода бахти бутун аёл шундай бўлса керак, деган ўй ўтди хаёлимдан. Гўёки, у каби аёллар бор – қалбларимиздаги яшашга бўлган иштиёқ, куч, шижоат, эртанги кунга умид ҳар баҳорда куртак ёзган ниҳоллардек қайта-қайта уйғонаверади!
Шаҳло ТОШБЕКОВА,
журналист.
