Шаҳар марказидаги сокин хиёбонлар одамлар ҳордиқ чиқарадиган маскан. Ёзнинг иссиқ кунларида дарахтлар соясида бироз дам олиш, кундалик ташвишлардан узоқлашиш инсон кўнглига енгиллик бағишлайди. Бундай жойлар аслида нафақат ҳордиқ, балки маънавий осойишталик манбаи бўлиши керак.
Афсуски, баъзи манзаралар бу осойишталикни бузади. Айрим ёшларнинг жамоат жойларида ўзини тутишидаги эркинлик меъёридан ошиб кетаётгани кўзни ҳам, қалбни ҳам безовта қилади. Хиёбонларда одоб доирасидан четга чиқиб, ҳаддан ташқари яқинликни очиқ намоён этиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани шунчаки шахсий масала эмас, балки жамият маданиятига дахлдор ҳодисадир.
Албатта, ҳар кимнинг шахсий ҳаёти бор. Аммо жамоат жойи бу умумий макон. Унда ўзини тутиш ҳам умумий қадриятларга мос бўлиши зарур. «Менга нима» деган бепарво қараш аста-секин ижтимоий бефарқликка айланиб, жамиятнинг ички мезонларини емириши мумкин.
Биз тарбия, одоб, андиша ҳақида кўп гапирамиз. Лекин бу тушунчалар фақат насиҳатларда эмас, кундалик хатти-ҳаракатларда намоён бўлиши керак. Айниқса, бугун ҳар биримиз фарзанд тарбиялаётган бир пайтда, кўчадаги ҳар бир «нохуш манзара» келажак авлод учун сабоқ эканини унутмаслигимиз лозим.
Қиз бола ҳақида «бировнинг омонати» деймиз, йигит ҳақида «оилага таянч» деймиз. Бу иборалар шунчаки сўз эмас, балки масъулият юклайдиган қадриятлардир. Улар амалда акс этмаса, маъносини йўқотади.
Энг хавфлиси бу ҳолатларга кўникиб бораётганимиздир. Бир пайтлар ажабланиш уйғотган манзаралар бугун одатий ҳолга айланиб қолаётгани жамият учун огоҳлантирувчи белгидир. Бепарволик эса ҳар қандай муаммонинг илдизини чуқурлаштиради.
Хиёбонлар шунчаки сайр жойи эмас. Улар жамият маданиятининг ойнасидир. Ойнадаги тасвир эса ҳар биримизнинг аксимиз. Уни қандай кўришни истасак, шундай тутишимиз ҳам ўз қўлимизда.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
