Бугун дунё тобора яқинлашиб, масофалар қисқариб бораётган бир пайтда инсоннинг ўз илдизларига содиқлиги, миллий ва маънавий қадриятларни асраб қолиши янада долзарб масалага айланмоқда. Айниқса, хорижда яшаб, фарзанд тарбиялаётган оилалар учун бу масала оддий танлов эмас, балки келажакни белгиловчи муҳим синовдир.
Муаллиф сифатида эмас, балки ота сифатида бошдан кечирган бир воқеа мени чуқур ўйга толдирди. Йиллар давомида хорижда яшаб, меҳнат қилиб, ҳалол бизнес орқали моддий фаровонликка эришдим. Оила муҳитим тинч, фарзандларим таълим олаётган, ҳаётимиз ташқи томондан мукаммал кўринарди. Аммо бир кун оддий туюлган ҳолат бутун қарашларимни остин-устин қилди.
Уйга кирганимда балоғат ёшига етган қизимни синфдош йигит билан хонасида кўрдим. Бу манзара менга ёт, қалбимга оғир ботди. Савол бердим, тушунтириш сўрадим. Аммо жавобларим ҳурматсизлик, эътиборсизлик билан қарши олинди. Ота ва фарзанд ўртасидаги нозик ришта бир лаҳзада узилгандек бўлди. Асабий ҳолатда, ўзимни йўқотиб, ҳаётимда илк бор қизимга қўл кўтардим. Бу эса мени янада чуқур изтиробга солган энг катта хатойим бўлди.
Уч кун давомида ўзим билан курашдим. «Мен нимани йўқотдим?» деган савол онгимдан кетмади. Ахир мен фақат пул топиш, яхши яшаш, имконият яратиш ҳақида ўйлаб, фарзандларимнинг маънавий оламига етарли эътибор бермадимми? Бегона муҳит, ўзга қадриятлар таъсири остида улғайган фарзандларимнинг дунёқараши менга бегоналашиб қолганини кеч англадим.
Дарҳақиқат, айрим жамиятларда бундай ҳолат оддий қаралади. Аммо ҳар бир халқнинг ўзига хос қадриятлари, тарбия мезонлари бор. Бизда эса ибо, ҳаё, ота-онага ҳурмат, оила шаъни каби тушунчалар асрлар давомида шаклланган ва миллатнинг маънавий устунига айланган. Бу қадриятлар нафақат анъана, балки жамият барқарорлигининг асосидир.
Шу англаш мени кескин қарорга олиб келди. Қисқа муддат ичида барча ишларимни якунлаб, оилам билан юртга қайтдим. Бу қарор фақат географик ўзгариш эмас, балки маънавий қайтиш, илдизларга юзланиш эди. Чунки фарзанд тарбиясида энг муҳим нарса бу ота-онанинг нафақат моддий, балки маънавий иштирокидир.
Бугун ўйлаб қарасам, муаммо фақат фарзандда эмас эди. Муаммо эътиборнинг сусайишида, тарбиянинг тизимли эмаслигида, “моддий таъминот ҳамма нарсани ҳал қилади” деган нотўғри тушунчада эди. Аслида эса фарзанд қалби — бўшлиқни кўтармайди. Агар уни ота-она меҳр-муҳаббати, қадриятлар, тўғри йўл билан тўлдирмаса, уни бошқалар тўлдиради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир ота-она ўз олдига муҳим савол қўйиши керак: биз фарзандларимизга нима қолдиряпмиз фақат бойликми ёки мустаҳкам қадриятларми? Чунки бойлик йўқолиши мумкин, аммо тўғри тарбия умр бўйи йўл кўрсатадиган нурдир.
Фарзанд тарбияси бу фақат оила ичидаги масала эмас, бу миллат келажаги билан боғлиқ масаладир. Шу боис ҳар биримиз ўз илдизимизни унутмасдан, замон билан ҳамнафас,шу билан бирга қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда яшашимиз лозим. Ана шундагина биз нафақат фарзандларимизни, балки келажакни ҳам асраб қоламиз.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
