Инсон қадам босган ҳар бир маскан унинг ички дунёсидан дарак беради. Қайси ерда сочилиб ётган чиқинди, синдирилган дарахт шохи ёки деворга ташланган доғ булар бепарволикнинг жим туриб айтилган эътирофидир. Аксинча, супурилган йўлак, тартиб билан ўрнатилган чиқинди қутилари, куртак ёзган кўчатлар бу ерда виждон борлигини кўрсатади. Поклик ва озодалик аввало кўзга кўринадиган тартиб эмас, у қалбдаги масъулиятнинг ташқи ифодасидир. Демак, кўча бу шунчаки йўл эмас, у жамиятнинг юзи.
Ҳар бир инсон ўз уйини тоза тутишга ҳаракат қилади. Аммо уй эшигидан ташқаридаги ҳудуд ҳам аслида умумий уйимиз эканини ҳар доим ҳам ҳис этавермаймиз. Остонадан бошлаб кўчагача, кўчадан маҳаллагача, маҳалладан шаҳар ва мамлакатгача бўлган макон барчамизга тегишли. Бир киши ташлаган қоғоз парчасининг оқибати кўпинча бошқаларнинг кайфияти ва соғлиғига таъсир кўрсатади. Чиқинди ариққа тушса, сув оқими тўсилади, сув тўсилса, намлик ва касаллик хавфи ортади. Бепарволик занжири шу тарзда кенгайиб боради.
Атроф-муҳитни асраш бу шунчаки шиор эмас, бу онгли танловдир. Ривожланган жамиятлар тажрибаси шуни кўрсатадики, тозалик маданияти кучли бўлган ҳудудда тартиб-интизом, қонунга ҳурмат ва ўзаро масъулият ҳисси ҳам юксак бўлади. Масалан, Япония кўчаларида ахлат қутиси кам учраса-да, ерда чиқинди кўриш деярли имконсиз. Чунки одамлар ахлатни ўзлари билан олиб кетишни одат қилган. Бу мажбурият эмас, ички эътиқод натижасидир. Ёки Сингапурда тозалик қоидаларига қатъий амал қилинади, жарималар бор, лекин ундан ҳам кучлироқ омил жамоатчилик назорати ва шахсий масъулиятдир. Ташқи тартиб ички интизомдан бошланади.
Бизнинг шароитимизда ҳам имкониятлар етарли. Маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, кўчалар янгиланмоқда, замонавий чиқинди қутилари ўрнатилмоқда. Аммо муаммо техник воситаларда эмас, муносабатда. Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш бу фақатгина қоидабузарлик эмас, бу бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқига тажовуздир. Чунки ифлосланган муҳитни яна кимдир тозалаши керак бўлади. Бир киши бепарволик қилса, бошқа бир инсон унинг учун меҳнат қилади. Адолат мезони шуни талаб этадики, ҳар ким ўз изидан тозалик қолдирсин.
Кўчат экиш масаласи ҳам шунчаки экологик ташаббус эмас. Дарахт, бу келажак! У бугун экилади, аммо соясидан эртанги авлод баҳраманд бўлади. Бир кўчат эккан инсон аслида вақт билан суҳбатлашади: «Мен бугунни эмас, эртани ўйладим», дейди у амалда. Шаҳар ҳавосининг мусаффолиги, ёзнинг салқинлиги, қушларнинг қайтиши буларнинг барчаси биргина фидокорона ҳаракатингиздан бошланиши мумкин. Дарахт кесиш осон, аммо уни парваришлаб улғайтириш сабр ва меҳр талаб қилади. Сабр ва меҳр эса инсоний фазилатлардандир.
Покликнинг маънавий илдизлари ҳам чуқур. Ислом тамаддунида тозалик иймон билан чамбарчас боғланган тушунча сифатида талқин этилади. Бу қараш инсонни ички ва ташқи покликка бирдек ундайди. Қалбни ҳасад, ғазаб, кибр каби иллатлардан тозалаш қандай муҳим бўлса, яшаётган муҳитни ифлосликдан асраш ҳам шунчалик зарур. Чунки инсон руҳияти яшаётган маконидан таъсирланади. Ифлос жойда кайфият тушади, бефарқлик кучаяди, озода маконда эса руҳ енгиллашади, фикр равшанлашади.
Кўчага ташланган бир дона пластик идиш йиллар давомида чиримаслиги мумкин. У тупроқни заҳарлайди, сув манбаларига зарар етказади, жониворлар ҳаётига хавф солади. Бу оддийгина маиший ҳаётдаги эътиборсизликоғир экологик оқибатга олиб келиши мумкин. Чиқиндини, турларига ажратиш, қайта ишлаш жараёнларини шакллантириш, болаларга ибрат бўлиш булар катта ўзгаришларнинг бошланишидир. Фарзанд кўрган нарсасини такрорлайди. Агар у катталарнинг ерга қоғоз ташламаслигини кўрса, бу одат унинг феъл-атворига сингади.
Жамиятни ўзгартириш катта нутқлар билан эмас, кичик одатлар билан бошланади. Ҳар куни ишга кетаётиб йўлакдаги майда чиқиндини кўриб, уни кўтариб қутига ташлаш бу оддий, аммо мазмунли амал. Белгиланмаган жойга ахлат ташлаётган кишини мулойимлик билан огоҳлантириш фуқаролик вазифамиз. Маҳалла ҳашарида фаол қатнашиш бирдамлик белгиси ҳисобланади. Демак, бепарволикка қарши кураш зўравонлик билан эмас, намуна билан олиб борилади.
Бугун дунё экологик инқироз хавфи билан юзма-юз турибди. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ҳаво ифлосланиши каби муаммолар глобал тус олган. Аммо уларнинг илдизи кўпинча маҳаллий даражадаги бепарволикдан бошланади. Ўз кўчасини тоза тутмаган жамият глобал масъулият ҳақида гапира олмайди. Юксак мақсадлар оддий тартиб-интизомдан бошланади.
Поклик бу фақат кўз учун қулайлик эмас, у соғлик, эстетик дид ва маънавий камолот мезонидир. Озода муҳитда улғайган бола тартибни қадрлайди. Тоза кўчада яшаган киши бошқаларнинг меҳнатини ҳурмат қилади. Чиқинди ташламасликка одатланган инсон жамиятга зарар етказмаслик таомилини ҳаётининг бошқа жабҳаларида ҳам қўллайди. Шундай фазилатлар йиғиндиси тараққиёт пойдеворини мустаҳкамлайди.
Ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик. Уй олдини супуриш, дарахт экиш, чиқиндини белгиланган жойга ташлаш, болага тозаликни ўргатиш булар оддийдек туюлади. Аммо жамият айнан шу оддий амаллар устига қурилади. Демак, инсонийлик баландпарвоз сўзларда эмас, кундалик хатти-ҳаракатларда намоён бўлади. Кўча озодалиги виждоннинг кўзгуси. Виждон уйғоқ бўлган жамият эса ҳар қандай синовдан муносиб ўта олади.
Санжарбек ҲАМИДОВ.
