Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Сессияда 2026 йил II чорак якунлари бўйича Наманган шаҳар бюджети ижроси тўғрисидаги масалага эътибор қаратилди. Бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли ахборотлар тингланди.
Ташаббусли бюджет жараёнларида ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағ ажратиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Шунингдек, шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
Депутатлар томонидан халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг қарорларига тегишли ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Экологик йўналишдаги ишлар ҳам сессия эътиборидан четда қолмади. Экополициянинг Наманган шаҳар бўлими томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Шу билан бирга, «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармасига йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
Сессия якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
