Наманган шаҳрида янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар изчил такомиллаштирилмоқда.
Шаҳарнинг “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудидаги 88-сонли умумтаълим мактаби учун 570 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси барпо этилди.
Мазкур иншоот Инвестиция дастури доирасида “Mega Asia Design Stroy” МЧЖ томонидан қурилиб, лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллиард 932 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Янги бино замонавий таълим стандартлари асосида жиҳозланган бўлиб, унда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиши учун зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, педагогларнинг самарали фаолият юритиши учун ҳам муносиб иш муҳити шакллантирилган.
Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов шаҳар мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш давомида 88-сонли мактабда бўлиб, янги ўқув биносида яратилган шароитлар билан танишди.
Ўрганиш жараёнида таълим муассасасининг моддий-техник базаси, ўқув хоналарининг ҳолати, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ишлаш самарадорлиги ҳамда мактаб ҳудудининг ободонлаштирилиши кўздан кечирилди.
Янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши мактабнинг таълим сифатини ошириш билан бир қаторда, ўқувчилар учун янада қулай ва замонавий таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Зеро, замонавий мактаб — бу шунчаки янги бино эмас. Бу ўқувчининг билим олиши, қобилиятини намоён этиши ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши учун яратилган имкониятдир.
