Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Наманган шаҳрининг “Баркамол авлод” маҳалласи ҳудудида барпо этилиши режалаштирилаётган “Баркамол авлод–2” кичик саноат зонаси лойиҳаси тақдимоти билан танишди.
Беш гектар майдонда ташкил этилиши кўзда тутилган мазкур кичик саноат зонасида умумий қиймати 800 миллиард сўмлик 39 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Натижада йилига 450 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 29 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 2 минг 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида пойабзал, мебель, тўқимачилик ва ҳунармандчилик йўналишларида замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Шунингдек, ҳудуд зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланади.
Амалга ошириладиган лойиҳалар натижасида бюджетга йилига 30 миллиард сўм тушум таъминлаш, экспорт ҳажмини 10 миллион АҚШ долларига етказиш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш кўзда тутилган.
Тақдимот якунида вилоят ҳокими ҳудудни комплекс ривожлантириш, инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш, қурилиш ва инфратузилма ишларини белгиланган муддатларда сифатли якунлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берди.
