Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов «Лола» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Жийдакапа ҳамда Шифокор 5-тор кўчаларини реконструкция қилиш ва уларни замонавий қиёфага келтириш орқали тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа таклифи билан танишди.
Мазкур лойиҳа доирасида 4 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилиши режалаштирилган. Унга кўра, 1,2 километр йўл «Йўл бўйи» тамойили асосида замонавий кўринишга келтирилади, 2,4 километр йўл қисми брусчатка билан қопланади ва яна 1,2 километр масофага янги асфальт ётқизилади.
Шунингдек, ҳудудга 8 та замонавий ўриндиқ, 60 та кўча ёритиш чироғи, 60 та чиқинди ташлаш устуни, 2 та катта ва 6 та кичик чиқинди қутиси ўрнатилади. Лойиҳа доирасида 2,4 километр лоток қурилиб, қўшимча 400 метр қисми ёпилади ҳамда 2,4 километр узунликда СИП кабели тортилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 11 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини кенгайтиради, 9 та янги хизмат кўрсатиш ва сервис объекти ташкил этилади. Энг муҳими, 39 та янги иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳалланинг иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини 2026 йил декабрь ойига қадар тўлиқ якунлаш режалаштирилган.
